Элликқалъалик эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилади
Элликкала туманида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилган тақдимот тадбири аҳоли билан ишлашнинг янги босқичини белгилаб берди. Унда дастурнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш каби устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбир давомида “Юракка йўл” акцияси орқали уйма-уй юриш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, мобиль штаблар ва сайёр қабуллар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” ва ижтимоий хизматлар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизмлари белгилаб олинди.
Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизларни фаол жалб этиш, замонавий ахборот технологиялари орқали аҳоли билан мулоқотни кучайтириш вазифалари ҳам белгиланди. Тадбир якунида иштирокчилар дастурни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини таъкидлаб, ҳудудда ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга қаратилган аниқ режаларни белгилаб олдилар.