“Юракка йўл” акцияси доирасида 4 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари топширилди
Избоскан туманида O‘zLiDeP ташаббуси билан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилган “Юракка йўл” акцияси инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намунасига айланди. Ушбу тадбир орқали партия фаоллари имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларга нафақат моддий, балки маънавий кўмак ҳам кўрсатдилар.
Жумладан, “Шодлик” МФЙда яшовчи Шарифахон Шаробиддинова, “Урганжи” МФЙ “Ойдинбулоқ” кўчасида истиқомат қилувчи Абдуллоҳ Муҳсинжонов ҳамда “Ҳаққулобод” МФЙ “Забардaст” кўчасида яшовчи Ибодатхон Бегижонова хонадонларига ташрифлар унутилмас таассурот қолдирди. Тадбир доирасида ушбу фуқароларга ногиронлик аравачалари берилди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилиши уларнинг қалбида чуқур миннатдорлик туйғуларини уйғотди.
Бу амалий ёрдамлар фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш билан бирга, уларнинг қалбида миннатдорлик ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлади. Энг муҳими, улар ўзларини жамият эътиборидан четда эмаслигини яна бир бор ҳис этдилар.
“Юракка йўл” акциясида партия вакиллари, депутатлар, ижтимоий соҳа мутасаддилари ва ёш волонтёрлар фаол иштирок этиб, “Халқ билан бирга” ғоясини амалда намоён этдилар. Ушбу ташаббус инсонга эътибор ва ғамхўрлик энг олий қадрият эканини яна бир бор тасдиқлаб, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.