Фракция аъзолари Давлат бюджетининг 9 ойлик ижросини маъқуллади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси йиғилишида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, Жиноят кодекси аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятларга оид алоҳида боб билан тўлдирилиб, аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф солувчи жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи янги моддалар киритиляпти.
Шунингдек, Жиноят кодексига наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасида назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асрашга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам кўриб чиқилди.
Маълум қилинганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида барқарор иқтисодий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, ўтган тўққиз ойда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,6 фоизга, бозор хизматлари 14,0, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,8, қурилиш ишлари 14,2 ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсган.
Депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, тадбиркорлар учун жорий йилнинг тўққиз ойида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 18,1 трлн. сўм миқдоридаги тушумлар, шунингдек 1,4 трлн. сўм миқдоридаги кешбек суммалари қайтариб берилгани, жарималар сони ва миқдорлари қисқартирилаётгани, бюджетдан субсидиялар тақдим этилаётгани, солиқ имтиёзлари берилаётгани тадбиркорлик фаоллигини ошириш учун имкониятлар сифатида баҳоланди.
Муҳокамалардан сўнг, депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.