Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди

21.10.2025
499

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимиз раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Депутатлар маҳаллаларда “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилганини алоҳида қайд этдилар.

Маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, шу пайтгача 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослашгани ва 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани урғуланди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти ҳамда мазкур мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимдаги иштироки хусусида ҳам фикр алмашилди.

Халқ вакиллари ушбу аэропорт йилига 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қилиш ва соатига 30 та учиш-қўниш операциясини амалга ошириш имкониятига эгалиги мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг, “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ушбу лойиҳа билан нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)ларнинг ўз фаолият йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишига рухсат бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказишда илғор хорижий тажрибадан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида суд экспертизасини тайинловчи органга (шахсга) ўз ташаббуси билан ёки давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарининг илтимосномасига асосан суд экспертизаси соҳасидаги хорижий давлат мутахассисларини суд эксперти сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси суд экспертлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, экспертиза хулосаларининг ишончлилигини янада оширишга қаратилганини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?