Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди

11.02.2025
871

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф – муҳитни асраш” ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури мазмун-моҳияти ҳамда ундан келиб чиқиб фракция олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Фармони билан тасдиқланган 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастурида бу йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати, мақсадли кўрсаткичлар, ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларини жорий этиш, баҳор-куз мавсумларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахтлар экиш бўйича режа каби муҳим чора-тадбирлар ўрин олган.

Фракция аъзолари ушбу дастурий ҳужжатнинг моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унда барча соҳалар қатори ЎзЛиДеП сайловолди дастуридаги муҳим вазифалар ҳам белгиланганини қайд этдилар. Хусусан, дастурда акс этган атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” борасидаги вазифалар партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган кўплаб ташаббуслар, ғоялар билан уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, дастурда баён қилинган республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш,  давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия станцияларини барпо этиш ҳамда 2025 йил 1 июнга қадар “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида махсус платформани ишга тушириш каби вазифалар ҳам ЎзЛиДеП таклиф-ташаббусларига ҳамоҳангдир.

Йиғилишда 1 минг километр каналларни бетон қопламага ўтказиш, ирригация ва мелиорация тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали 390 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминоти яхшилаш масаласи ҳам депутатлар томонидан эътироф этилди.

Депутатлар Давлат давлат дастурининг иккинчи — Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида белгиланган мақсад ва вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Экспорт салоҳиятини ўрганиб, тадбиркорлар билан “корхонабай” ишларни ташкил этиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцяси аъзоларидан алоҳида фаоллик талаб этилиши қайд этилди.

Мунозаралар давомида Давлат дастурининг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, унда белгиланган устувор вазифаларнинг самарали ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги таъкидланди ва Дастурдан ўрин олган вазифалардан келиб чиқиб, фракция олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг, депутатлар кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Хусусан, “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалар марказида бўлди.

Ушбу қонун лойиҳасида Марказий банкнинг банкларни санация қилишга доир ҳуқуқий асослари назарда тутилмоқда. Шунингдек, унинг банкни ихтиёрий тугатишни амалга оширишга доир рухсатномасини бериш шартлари, ихтиёрий тугатиш жараёнида тугатувчи томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар, Марказий банкка тақдим этиб бориладиган ҳисоботлар ҳамда тугатиш жараёни устидан у томонидан амалга ошириладиган назорат қоидалари белгиланяпти.

Депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция аъзолари томонидан берилган бир қатор таклифлар эътиборга олингани ва ҳужжат матнида акс этганлигини алоҳида қайд этдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги қонун лойиҳалари ва масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?