“Ғалаба интизомдан бошланади”: Чемпионлар ёшларга ҳаётий сабоқ берди
O'zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши ташаббуси билан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида “Соғлом инсон – соғлом миллат” мавзусида чемпионлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар бўлими ҳамда Сингапур Менежментни ривожлантириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда партия вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари, спорт усталари ва ёшлар иштирок этишди. Тадбирда иштирок этган Дилноза Тажиева ёшларни соғлом ва баркамол авлод этиб вояга етказиш давлат сиёсатида устувор йўналиш эканини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда спорт соҳасига ажратилаётган маблағ 3 триллион сўмга етди, 100 дан ортиқ йирик спорт иншоотлари барпо этилди, мураббийлар маоши икки бараварга ошди.
Чемпионлардан бири, 9 карра карате чемпиони М.Х.Ходжакулов ҳам ёшлар билан ўз тажрибасини ўртоқлашиб, мақсадга интилиш ва интизомнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, “Кrossfit Trayb” спорт клуби раҳбари Денис Джен ёшларга соғлом турмушни оммалаштириш бўйича амалий тавсиялар берди.
Учрашув сўнгида ёшлар томонидан спорт инфратузилмасини ривожлантириш, оммавий мусобақаларни кўпайтириш ва қизиқувчи ёшлар учун махсус дастурлар жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Партия вакиллари ушбу ғояларни амалга ошириш юзасидан аниқ чоралар кўришларини маълум қилди.