Якшанба 16-Март 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан қўллаб-қувватланади

12.03.2025
149

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ўтган қисқа даврда коррупцияга қарши курашда салмоқли натижаларга эришилди. Ушбу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди. Жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди.

Депутатлар ушбу тарихий йиғилишда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг натижалари таҳлил қилинган ҳолда, давлат ва жамият олдида турган долзарб масалалар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари бўйича кўрсатмалар берилганини қайд этдилар.

Сўнгги йилларда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилингани натижасида 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келганлигини алоҳида таъкидладилар.

Партия сайловолди дастурида коррупцияга қарши курашишни кучайтириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш устувор вазифа сифатида ўрин олганлиги айтиб ўтилди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар партия мақсад ва вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини қайд этилди.

ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси илгари сурилган вазифалардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича барча чораларни кўриши маълум қилинди.

Йиғилишда “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. 

У билан “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида институционал яхлитлик таъминланишини, давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларига ажратилган бюджет маблағларини бошқаришнинг, шу жумладан адолатли тақсимлаш, мақсадли фойдаланилишини назорат қилишнинг янги тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, давлат органлари томонидан фуқаролик жамияти институтларига бевосита давлат ижтимоий буюртмалари берилишининг янги механизмлари ва бошқа масалалар белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида институционал яхлитлик таъминланишига, шаффофлик ва самарадорлик ошишига, ижтимоий шериклик муносабатлари ривожланишига, шунингдек жамоат фондлари фаолиятида ортиқча бюрократик талаблар қисқаришига хизмат қилади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?