Asosiy kontentga o‘tish
Якшанба 28-декабр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ҳар бир фуқаро учун муносиб меҳнат: бандликни ошириш ва камбағалликни камайтириш йўлида

26.11.2025
263

Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, оилалар даромадини ошириш, халқимиз учун фаровон ҳаёт шароитларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Янги Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилиб, Асосий қонунимизда ҳам пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслигини қатъий белгилаб қўйилди.

Фаол инвестиция сиёсати туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда. Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.

Ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини бугун одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Энг муҳими, қисқа даврда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар эса халқаро ташкилотлар, экспертлар эътиборини тортмоқда.

Ўтган даврда бу йўналишдаги ишларни қуйида тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшилангани алоҳида эътиборга молик.

Йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушган бўлса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашди. Энг муҳими, жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.

Президентимиз раислигида шу йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилиб, бунинг учун келгуси йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.

Сир эмаски, аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий иш ўринларини кўпайтириш ва фуқароларнинг даромадини оширишда саноат лойиҳалари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган.

Бугунги кунда 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган бўлиб, тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр. Бу борада туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та “микро саноат маркази”ни ишга тушириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилгани айни муддао бўлди.

Оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади. Буларнинг барчаси энг аввало, инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда ва унинг натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиб турибди. 2030 йилга бориб Ўзбекистон мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилган.

Йиғилишда камбағаллик ва ишсизликни камайтириш бўйича келгуси йил учун қўйилган аниқ мақсад ва вазифалар албатта, биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Демак, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан таъсирчан назоратни олиб боришга устувор аҳамият қаратишимиз лозим бўлади.

 

 

Жасурбек ШОДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?