Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ҳар бир ташаббус халқимиз турмушини яхшилашга хизмат қилади

27.01.2026
321

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган таклифлар ҳақида сўз юритилди.

Депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус халқимизнинг турмуш сифатини яхшилаш, маҳаллаларни обод ва фаровон ҳудудларга айлантириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.

—Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун йирик ҳажмда кредитлар ажратилиши маҳаллаларда янги иш ўринлари яратишга кучли туртки беради, — деди фракция аъзоси Севара Убайдуллаева.— Биз давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Чунки партиямиз чекка ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишни ўзининг устувор мақсадларидан бири, деб билади. Шундан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишимиз лозим бўлади.

Йиғилишда ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металлардан ясалган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасини олиш назарда тутилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, жумладан, фракция аъзолари таклифлари асосида лойиҳа матни янада такомиллаштирилганини қайд этдилар.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий заргарлик саноатини ривожлантириш ҳамда қонуний фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Фракция йиғилишида бошқа бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?