Ҳарбий форма тикиш – бу менинг Ватанга бўлган муҳаббатим
Айни кунларда "Ишбилармон аёл - 2025" кўрик-танловининг республика бўйлаб маҳаллаларда саралаш босқичлари ўтказилмоқда. Шовот туманида ташкил қилинган кўрик-танловда 23 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги энг фаол ва илғор тадбиркор аёллар беллашишди.
Ана шундай тадбирлардан бири Шовот туманидаги “Асавей” МФЙда бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Зебо Юсупова буюртма асосида махсус кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. “Зилола 95” хусусий корхонаси бир неча йиллардан буён махсус иш кийимлари, айниқса, ҳарбий формалар тикишга ихтисослашган.
- Асосий йўналишимиз - ҳарбий кийимлар тикиш, - дейди “Зилола 95” хусусий корхонаси раҳбари З.Юсупова. - Бу иш бизга фахр туйғусини бахш этади. Чунки юртимиз равнақи, хавфсизлиги ва тинчлиги учун хизмат қилаётган инсонлар киядиган формани сифатли, қулай ва замонавий қилиб тайёрлаш - биз учун шараф. Юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни ҳис қилиш бизга янада илҳом ва куч-ғайрат беради.
Бугунги кунда корхонада 5 нафардан ортиқ маҳаллий хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. 30 хил турдаги маҳсулотлар тайёрланиб аҳолига етказиб берилмоқда.
Тадбир давомида энг фаол, ташаббускор ва илғор лойиҳалар эгаси бўлган хотин-қизлар танлаб олиниб, улар танловнинг навбатдаги туман босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.