Ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Унда вилоятнинг тегишли бошқармалари ва Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, соҳадаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Эшитувда қайд этилганидек, 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жами 20 955 тонна озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат кафолатланган захира шакллантириш режалаштирилган. Унинг таркибида 12,4 минг тонна картошка, 1,7 минг тонна пиёз, 4,5 минг тонна сабзи ва 2,3 минг тонна гуруч мавжуд бўлиб, захиралар “foodmonitoring.uz” платформасига интеграция қилинган 104 та омборхонада жойлаштирилиши белгиланган.
Эшитувда айрим ҳудудлардаги нархлар тебраниши, совиткичли омборхоналар қурилишидаги сусткашликлар ҳам танқидий таҳлил қилинди. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, замонавий агрологистика ва совутиш мажмуаларини кўпайтириш, инвесторларга ер ажратишда шаффофликни таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.