O‘zLiDeP ишчи гуруҳи Андижонда уруғчилик соҳасидаги илғор тажрибани ўрганди
Андижон вилоятида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ “LONGPING-BEREKE” корхонасида замонавий уруғчилик фаолиятини ўрганди. Мазкур корхона ҳудудда илғор технологиялар асосида уруғ турларини етиштириб, маҳаллий ва халқаро бозор талабларига жавоб бераётгани билан аҳамиятлидир.
Ишчи гуруҳ аъзолари корхонада уруғ турлари, уларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишиб, маҳсулот сифати, лаборатория назорати ҳамда технологияларнинг самарадорлиги бўйича батафсил маълумот олдилар.
Учрашув давомида хитойлик инвесторлар билан мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Унда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, корхона раҳбарлари қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларини илгари сурдилар. Хусусан, лицензиялаш ва сертификация жараёнларини соддалаштириш, экспорт йўналишларини кенгайтириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу каби амалий мулоқотлар ҳудудда инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.