Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Илм-фанга йўналтирилган маблағлар миқдори кўпайтирилади

25.09.2024
1162

Ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши илм-фаннинг ривожланишига боғлиқ. Шу сабабли, илм-фанни ривожлантириш, илм олишга бўлган интилишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур масалалар ечимида таълим тизимини молиялаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки, мамлакатимизда илм-фанни молиялаштиришнинг асосий манбаси бюджет маблағлари ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига жами 824,7 млрд. сўм маблағ сарфланган бўлсада, улардан 67% давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар, қолган 33% ташкилотларнинг ички маблағлари, буюртмачи ва хорижий маблағлар ҳисобига тўғри келган. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши таҳлилига кўра Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 0,14% ни, Грузияда 0,3% ни, АҚШда 2,8% ни, Германияда 3,1% ни, Японияда 3,3% ни, Жанубий Кореяда эса 4,5% ни ташкил этган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижасида соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2 мартадан зиёд оширилгани, илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани буни тасдиқлайди.

Ушбу ислоҳотларни давом эттириш, илм-фанга рағбатни янада ошириш мақсадида ЎзЛиДеП ўз сайловолди дастурида илм-фанга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар ошириш ташаббусини илгари сурмоқда. Ўзбекистон учун илм-фан тараққиёти фаровонлик ва барқарорлик йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Шу жиҳатдан, партиямизнинг ушбу ташаббуси долзарб аҳамиятга эга.

Партиямиз ташаббусининг амалга оширилиши илм-фаннинг янада равнақ топишига, соҳада фаолият юритувчи инсонларнинг ташаббускорлигини оширишга ҳамда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторида эътироф этилишига замин яратади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?