Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар такомиллаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субектлари, фермер, деҳқон хўжаликларининг ўз товарлари (ишлари, хизматлари) нархини эркин белгилашни, уларнинг фаолиятига айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан аралашишнинг олдини олиш бўйича қонунчиликдаги нормаларни мустаҳкамлаш зарурати юзага келяпти.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда товарлар (ишлар, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.
Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши (қисман қайта ижарага бериши) назарда тутиляпти.
Шу билан бирга, фермер хўжалиги бошлиғи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда фермер хўжалигини ўз оила аъзоларидан бирига бериши мумкинлиги таклиф этилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий имкониятларини оширишга қаратилган.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда.