Шанба 28-Июн 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатлар такомиллаштирилмоқда

24.06.2025
118

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, валюта, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб Президентимизнинг ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида шу йил 19-20 июнь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари Хушвақт Хаитов, Наргиза Саломова ва бошқалар ушбу ташрифнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар депутатлар, партия фаоллари зиммасига катта масъулият юклашини қайд этдилар.

Депутатлар корпуси сайлов округларидаги фаолиятлари давомида белгилаб берилган ҳар бир тошириқ ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини маҳаллий ижро органлари раҳбарларига етказишлари ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишлари лозимлиги урғуланди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Маълум қилинганидек, кейинги йилларда валюта соҳасини такомиллаштириш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасида бир қатор муаммолар ва ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишига, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ҳамда жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган.

У билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, қонун ҳужжатларидаги валюта қимматликлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасидаги тушунчалар ўзаро мувофиқлаштирилмоқда. Қолаверса, валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш кўзда тутиляпти.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари Отабек Мусурмонов, Сайдулло Азимов ва бошқалар ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларини саволларга тутишди. Мутасаддилар кўтарилган масалаларга ойдинлик киритиб, берилган таклифлар уни такомиллаштириш жараёнида эътиборга олиниши ва улар асосида ҳужжат матни маромига етказилишини таъкидлашди.

Йиғилишда “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Мавлуда Ибрагимова қонун лойиҳасининг моҳиятига тўхталиб, у билан ижтимоий иш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, ижтимоий иш ташкил этиладиган соҳалар, ижтимоий ишни ташкил этишда идоралараро ҳамкорлик, ижтимоий ходимнинг мақоми, вазифалари ва мажбуриятлари ҳамда махсус ваколатли давлат органи ва унинг ваколатлари белгиланаётганини таъкидлади.

Депутат шунингдек, ушбу ҳужжат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилганини қайд этиб, фракция аъзоларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?