Имзо йиғиш тадбирларида ЎзЛиДеПчилар фаол
Маълумки, жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайлов бўлиб ўтади. Сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партия сайловда иштирок этиши учун сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлигида рўйхатга олинган бўлиши лозим. Шунингдек, сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур.
ЎзЛиДеП томонидан ҳам имзо йиғиш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Хусусан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Наманган ва Андижон вилоятлари Кенгаши томонидан жойларда аниқ режа асосида ташкил этилаётган тадбирлар партияга хайрихоҳ бўлган фуқароларнинг фаоллиги билан ўтмоқда.
Партиянинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаётганлар ЎзЛиДеП фаолияти, мақсад ва ғоялари тўғрисида ўз фикрларини билдирмоқда. Партиянинг фуқаролар бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат бозори инфратузилмасининг мувозанатланганлиги ва ривожланишига эришиш, ишсизлик даражасини қисқартириш – мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган ташаббуслари аҳоли вакиллари томонидан эътироф этилмоқда.
Имзо йиғиш жараёнлари барча ҳудудларда қизғин давом этмоқда.