Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 17-декабр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Инсон қадри, эркинлик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш юрт тараққиётининг муҳим омили

04.12.2025
203

Давлатимиз мустақиллиги, халқимиз эркинлиги ва адолатга асосланган тараққиётнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланган Конституция инсоннинг халқаро умумэътироф этилган асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида жамлаган ва олий юридик мақомга эга ҳужжатдир. Бахтимиз қомуси юртдошларимизга эркин яшаш, ўзини юрт ҳимоясида эканлигини ҳис қилишлари учун шароит яратади. Шу кунга қадар қабул қилинган қонун, қарор, фармон, кодекс ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга асосланади ва уни тўлдиради.

Янги Ўзбекистонимизда изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.  Бу муҳим ҳужжат бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш билан боғлиқ хайрли анъана унда  белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштиришга хизмат қилишини таъкидлаш ўринлидир. Бу борада давлат раҳбарининг Конституция кунини нишонлашга оид фармойишларни тасдиқлаш амалиётини алоҳида эътироф этмоқ лозим.   

Вилоятимизда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига кўра Бош Қомусимизнинг ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш мақсадида  “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Эътибор этиш керакки, мазкур фармойиш мамлакатимиз ҳаётида улкан сиёсий-ҳуқуқий воқеа — Конституциянинг ўттиз уч йиллигини юксак савияда нишонлашга қаратилган муҳим амалий чора-тадбирларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир. Аҳолининг барча қатламларини қамраб олган ҳолда маънавий-маърифий учрашувлар, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари орқали Конституциянинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашга хизмат қилаётир. Мазкур байрам янги таҳрирдаги Конституциямизнинг инсон қадрини юксалтириш, эркинлик ва тенгликни таъминлаш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган нормалари халқимизнинг кундалик ҳаётида яратаётган енгилликларни намоён этишга замин яратади.

Конституцияга киритилган энг муҳим ўзгаришлардан бири — “давлат — жамият — шахс” тартибининг “инсон — жамият — давлат” тамойилига алмаштирилганидир. Бу бежиз эмас: энди барча давлат сиёсатининг марказида инсон турибди. Яна бир муҳим жиҳат — Бош қомусимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон илк бор “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” сифатида қатъий белгилаб қўйилди. Бу давлат сиёсатининг инсон манфаатига хизмат қилишини кафолатлайди. Дунё амалиётида ижтимоий давлат деганда, биринчи навбатда бепул ёки арзон таълим, юқори сифатли тиббий хизмат, камбағалликка қарши кучли ҳимоя тизими тушунилади. Шунингдек, меҳнат бозорида ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳамкорлигига асосланган “уч томонлама модел”, инклюзив жамият ва тенглик принципларига устувор эътибор қаратилган бўлади.  

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ижтимоий-иқтисодий кафолатларга оид нормалар деярли уч баробарга кўпайди. Меҳнат, ижтимоий ҳимоя, уй-жой, тиббиёт, ижтимоий нафақа ва ёрдам каби қатор ҳуқуқлар аниқ белгилаб қўйилди. Нафақа ва ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланди, камбағалликка қарши самарали чоралар кўриш давлат зиммасига юклатилди. Агар бу нормалар амалиётда тўлиқ ҳаётга татбиқ этилса, Ўзбекистонимиз ижтимоий давлат сифатида  ўзини намоён этишига шубҳа йўқ. 

Мухтасар қилиб айтганда, нурли истиқболимиз маёғи саналган Конституциямизда мужассам қадриятларни янада чуқурроқ англаш, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва юртимиздаги ҳуқуқий-демократик жараёнларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Шуҳрат АСЛАНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият
ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?