Инсонлар яшаши учун хавфсиз ва қулай, бизнес ва инвестициялар учун жозибадор муҳит
Янги Тошкент фақат уй-жойлар қуриладиган ҳудуд эмас, балки бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатиш ривожланган мустақил иқтисодий марказ бўлади.
Бу ҳақида давлатимиз раҳбари Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича инвестор ва тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тўхталиб ўтди.
Биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бироқ ҳозиргача тадбиркорларга ажратилган ер майдонлари давлат қурилишлари билан солиштирганда анча кам. Шу боис ер ажратиш, рухсат олиш, инфратузилма тўловлари ва лойиҳаларни келишиш жараёнларини соддалаштириш бўйича янги ёндашувлар белгиланди.
Хусусий бизнес учун муҳим янгиликлардан бири — хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар қурилишига берилган имтиёзлардир. Савдо, сервис ва бизнес марказлари учун инфратузилма тўловлари 3 баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баробар, маданий-кўнгилочар объектлар учун 10 баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун эса тўлов 1 фоиз этиб белгиланади.
Йирик инвесторлар учун ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган ҳар бир лойиҳага алоҳида масъул бириктирилиб, инвесторга лойиҳа ишга тушгунга қадар ҳамроҳлик қилинади. Шунингдек, “50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага — битта инвестиция битими” тамойили асосида инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчилигига мос имтиёзлар пакети шакллантирилади.
Янги Тошкент нафақат пойтахт, балки бутун мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар майдонига айланади. Ҳар бир ҳудуд ва Тошкент шаҳри туманларига махсус ер майдонлари ажратилиши маҳаллий бизнес вакилларига йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари