Шанба 19-Июл 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Инвесторлар учун очиқ майдон: Тошкентдаги халқаро форум натижалари

11.06.2025
274

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим воқеа сифатида тарихда қоладиган тадбир бўлди. Жаҳоннинг 100га яқин мамлакати вакиллари, халқаро ташкилотлар, бизнес олами этакчилари бу форумда иштирок этиши — мамлакатимизга бўлган ишонч ва қизиқишнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Форум аввалида, Президент жаҳондаги кескин геосиёсий вазиятни очиқ ва реал баҳолади. Қуролланиш пойгаси, халқаро ҳуқуқ нормаларининг инкор этилиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим муаммоларининг етарлича эътиборсиз қолиши — инсониятнинг умумий муаммосига айланганини қайд этди. Бу вазиятда тинчликни сақлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашда инвестисия, мулоқот ва адолатли ёндашувлар асосий омил бўлиши кераклигини таъкидлади. Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб, уни халқаро майдондан четлатмаслик, аксинча, иқтисодий ривожланиш йўлига олиб чиқиш зарурлигини билдирди.

Мамлакат ичидаги ислоҳотлар ва иқтисодий барқарорлик йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам нутқда кенг ёритилди. Ялпи ички маҳсулотнинг икки бараварга ўсиши, инвестисия ва экспорт ҳажмларининг ортиши — олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси экани алоҳида таъкидланди. Халқаро рейтинг агентликлари ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига берилган ижобий баҳолар бу жараённинг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.

Инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг янги драйверларини жорий этиш бўйича тўртта асосий йўналиш белгиланди. Биринчиси – “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўлиб, бу борада 6 миллиард долларлик инвестисия жалб қилинган. Электр энергиясини қайта тикланувчи манбалар ҳисобига ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йил сайин ошмоқда. Иккинчи йўналиш – рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект. ИТ экспорти ўсмоқда, “дата марказ”лар, миллий АИ модели, “Бир миллион сунъий интеллект этакчилари” лойиҳаси – барчаси рақамлашган дунёда Ўзбекистоннинг этакчи ўрин эгаллашга интилаётганини кўрсатади.

Учинчи йўналиш молиявий секторни модернизасия қилишга қаратилган. Венчур сармоялар, қайта суғурта тизими, киберхавфсизлик платформалари — буларнинг барчаси молиявий мустаҳкамликни таъминлашга хизмат қилади. Тўртинчи йўналиш эса технологик минералларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришдан иборат. 3 триллион долларлик эр ости бойликларини узоқ муддатли истиқболли сармоявий соҳаларга айлантириш режалаштирилган.

Инвесторлар учун кафолатлар ва қулай муҳит яратиш ҳам нутқнинг энг муҳим нуқталаридан бири бўлди. “Миллий режим”, “ягона дарча” тамойили, ортиқча текширувлардан ҳимоя қилиш тизими, хусусийлаштириш жараёнлари — барчаси инвесторнинг манфаатларини кафолатлашга қаратилган. “Миллий инвестисия жамғармаси” ташкил қилиниши, Франклин Темплетон каби нуфузли компанияларнинг жалб қилиниши бунинг ёрқин мисоли.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ислоҳотлар ҳам инвестисия муҳитини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд, Бухоро, Урганч каби шаҳарлардаги аеропортларни хусусий шерикларга бериш, “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида мега шаҳар барпо этиш, мултимодал хаб қурилиши — буларнинг барчаси мамлакатнинг иқтисодий қон томирини янгилашга қаратилган.

Форумда Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам асосий ўринни эгаллади. Қўшни давлатлар билан товар айланмасининг 3,5 баробар ошиши, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши, энергетика ва инфратузилма лойиҳалари – барчаси минтақадаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончнинг юксалаётганидан далолат беради. Президент “Инвестисия ва савдо учун яхлит ҳудуд” консепсиясини илгари сурди ва халқаро ташкилотларни янги молиявий механизмларни йўлга қўйишга чақирди.

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми натижалари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётгани, ислоҳотлар чуқур ва тизимли йўлга қўйилгани, мамлакат инвесторлар учун очиқ ва кафолатли маконга айланаётганини кўрсатди. Президент нутқида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан барқарор ривожланишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Эндиликда мазкур вазифаларни амалга ошириш, аниқ ташаббуслар орқали халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш – давлатимиз олдида турган стратегик мақсадлардан бири бўлиб қолади.

Абдулло Аслонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари.

Сайтни янги дизайни ёқдими?