Президентимиз Туркий давлатлар учун янги тараққиёт йўлини таклиф этди
Бугун давлатимиз раҳбари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлади. “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусидаги учрашувда давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришни асосий йўналиш сифатида қайд этиб ўтди. Туркий инвестиция жамғармаси доирасидаги режаларни келишиш мақсадида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш вақти келганини қайд этди.
Саммитда давлатимиз раҳбари Кенгаш доирасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди. Жумладан, Туркий давлатларнинг Саноат альянсини тузиш ва бу орқали машинасозлик, кон саноати, электротехника, нефть-кимё, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида етакчи компанияларимизнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ўзаро савдо ҳажмларини кескин ошириш ва техник регламентларни яқинлаштириш мақсадида “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш каби ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштиради.
Шунингдек, “яшил энергетика”, “яшил водород ва аммиак” лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, илғор технологиялар, давлат ва хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш учун “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш, стратегик минераллар базасини ўзлаштириш ва қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби масалалар ҳам Кенгашнинг доимий эътиборида туриши кераклиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Президентимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда мамлакатларимиз дунё етакчиларига айланиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратди. Давлатларимизнинг бу борадаги салоҳиятидан келиб чиқиб, сифатли ва талаб юқори бўлган органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда илмий изланишлар ва селекция, саноат кооперацияси ва логистика алоқаларини кучайтиришимиз лозимлиги қайд этилди. Бу борада қишлоқ хўжалиги вазирларимиз назоратида Эксперт ишчи гуруҳини ташкил этиб, дастлабки “пилот” лойиҳаларни мамлакатларимизда амалга ошириш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча таклифлар долзарблиги ва ҳаётийлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги бизнес муҳитини, балки ўзаро ишонч ва самимият руҳини ҳам юксалтириши шубҳасиз.
Актам ХАИТОВ,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси