“Ишбилармон аёл” сафига сиз ҳам қўшилинг!
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди. Танловда ўз бизнесини йўлга қўйган ва янги ғоялар устида ишлаётган хотин-қизлар иштирок этиб, ўз маҳсулотлари ва лойиҳаларини тақдим этди.
Танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиш, янги ишбилармон аёлларни кашф этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Бундай лойиҳалар орқали аёллар ўз бизнесини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва оила даромадини ошириш имкониятига эга бўлмоқда.
Якунларга кўра, Санобар Қодирова 3-ўрин, Гавҳар Холматова 2-ўринни эгаллади. Гилам тўқиш йўналишида фаолият юритаётган Гавҳар Хўжаниёзова эса ғолиб деб топилиб, танловнинг кейинги босқичида Яккабоғ тумани шарафини ҳимоя қилади.
“Ишбилармон аёл” танлови нафақат ғолибларни аниқлаш, балки тадбиркорликка қизиққан хотин-қизларни рағбатлантириш, уларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқариш ва ҳудудларда янги тадбиркорларни кашф қилишга хизмат қилаяпти.