Сунъий интеллект: бугун ва замон талаби
Тошкент вилоятида жойлашган “Astrum IT Academy”да ёшлар ва парламент ҳамда вазирлик, идоралар раҳбарлари билан учрашув тарзида ўтказилди.
“Сунъий интеллект: бугун ва замон талаби” мавзусидаги учрашувда ЎзЛиДеП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Пак Виктор, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Отабекхўжа Собитов, Вазирнинг ёшлар сиёсати бўйича маслахатчиси, Рақамли технологиялар вазирлиги Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Хабибулла Анваровлар иштирок этишди.
Дастлаб партия томонидан “Astrum IT Academy”га таклиф этилган вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари, умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчиларига сунъий интеллект ёрдамида таълим беришнинг инновацион усули йўлга қўйилган, нафақат Ўзбекистондаги, балки Ўрта Осиёдаги биринчи ва энг катта IT Академия бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.
Экскурсия жараёнида ёшлар дастурлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни ўқитиш бўйича етакчи ҳисобланган академиянинг замонавий технологиялар, 24/7 ишлайдиган ўқув кампуси, мингга яқинг iMac'лар ва бўлажак дастурчиларга бу ерда яратилган қулай шароитлар билан яқиндан танишишди.
Тадбирда ёшлар ўртасида ахборот технологиялари соҳасини янада оммалаштириш, бу борада етук кадрларни тайёрлаш муҳим янги босқичга кўтарилгани, ахборот технологиялари билимлари бугун дунё тараққиётининг асоси бўлиб улгургани, жамиятда соҳаларни рақамлаштириш эса замон талаби экани хусусида фикр юритилди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоблар олишди.
Зухро Мирзоҳамдамова
O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири