Ислоҳотлар инсон учун!
Биз гувоҳмиз, сўнгги йилларда Наманганда чин маънода барча соҳаларда тарихий ишлар амалга оширилганига. Яқин йилларда ҳам тасаввур қилиш мушкул эди, масалан, 7 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция киритилиши ёки 8 мингга яқин янги корхонанинг ишга туширилишини! Экспорт қилинаётган маҳсулотлар турининг кескин кўпайиши бу ислоҳотларнинг мевасидир. Аҳолининг реал даромадлари 3 баробарга ўсгани, минглаб оилаларнинг камбағалликдан чиққаничи? Шунингдек, миграцияда бўлган юз минглаб одамларнинг ўз юртига қайтиб келгани, буларнинг ҳаммаси иқтисодий имкониятлар ва ижтимоий барқарорликнинг юксалаётганидан далолатдир.
Президентимиз ташрифлари чоғида келгуси вазифаларни белгилар экан, инвестицияларни янада кўпайтириш, маҳаллаларни обод қилиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, туризм ин-фратузилмасини кенгайтириш, таълим ва ижтимоий соҳада янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Шу билан бирга, халқимизнинг турмуш сифатига бевосита таъсир этувчи йўл, сув таъминоти, ижтимоий хизматлар соҳасида амалга ошириладиган ишлар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилди.
Бу жараёнда, албатта, фуқароларнинг ташаббускорлиги, тадбиркорларнинг фаоллиги ва барчамизнинг ҳамжиҳатлигимиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Юртбошимиз таъкидлаганидек, меҳнатсевар ва тадбиркор наманганликлар бирлашиб ҳаракат қилса, бу ўлкани юртимизнинг энг обод ва фаровон ҳудудларидан бирига айлантириш шубҳасиз.
Шу маънода Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсадлари билан ушбу устувор вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этишга масъулиятлидир. Чунки партиямиз ҳамиша тадбиркорликни ривожлантириш, эркин бозор муносабатларини кенгайтириш, ҳудудларни
ижтимоий-иқтисодий тараққиётга етаклаш ғояларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Наманганда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва белгилаб берилган янги марралар ҳам O‘zLiDeP ғояларини амалда рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар яратади.
Бу унутилмас ташриф, муболағасиз айтиш мумкинки, халқимизнинг ёруғ келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлади. Партиямиз вакиллари ҳам Наманганни мамлакатимизда энг обод, фаровон ва етакчи ҳудудларидан бирига айлантириш йўлида фидойилик намуналарини кўрсатаверади.