Шанба 14-Июн 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади

10.06.2025
98

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, мувофиқликни баҳолаш органлари масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорларга енгиллик беришга доир ва бошқа қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

Депутатлар дастлаб масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда обдон муҳокама қилдилар.

Ушбу ҳужжат масъулияти чекланган жамиятларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, уларни бошқариш соҳасидаги муносабатларни ҳамда иштирокчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишга қаратилган.

Лойиҳада жамият нафақат лицензия, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартибида фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги, шунингдек жамиятларнинг филиал ва ваколатхоналарини очиш тартиблари белгиланмоқда.

Шунингдек, жамият бошқарувида миноритар иштирокчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳамда жамият мажоритар иштирокчиларга оид янги ҳуқуқий нормалар акс этмоқда.

Қонун лойиҳасида жамиятнинг афилланган шахслари, улар билан битимлар тузиш, ушбу битимлар бўйича низоларни ҳал этиш ҳамда жамият кузатув кенгаши аъзолари ва жамият бошқаруви органларининг фудициар жавобгарлигига оид янги ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топяпти.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари томонидан берилган таклифлар эътиборга олиниб, ҳужжат матнида акс эттирилгани ва у маромига етказилгани алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари Дилмурод Артиқов, Сайдулло Азимов ва бошқалар қонун лойиҳасининг айрим моддаларида назарда тутилаётган нормалар бўйича қонун ташаббускорларини саволларга тутишди. Ушбу масала юзасидан ўз таклифларини, фикрларини билдирди. Мутасаддилар кўтарилган саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтдилар.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш, жамият фаолиятида замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этишга хизмат қилишини инобатга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

У билан Фуқаролик кодексига, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга тегишинча мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ҳамда техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг муҳокамасида фракция аъзоси Мухсинжон Холмухамедов ўз нуқтаи назарини билдириб, мазкур ҳужжат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, сифатсиз маҳсулотларни бозордан чиқариш жараёнида тадбиркорлар иштирокини рағбатлантириш орқали самарали ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?