Сешанба 29-Июл 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратилади

13.05.2025
191

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида Президентимиз раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, тиббиёт кадрларининг салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 6 карра оширилиб, ҳудудлардаги шифохоналар моддий-техник жиҳатдан янгиланди. Энг муҳими, аҳолининг узоғини яқин қилиш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш мақсадида маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган тизим йўлга қўйилди.

Фракция аъзолари охирги йилларда Президентимиз бошчилигида тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Видеоселектор йиғилишида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ЎзЛиДеП дастурий мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги, уларни ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлашда фракция аъзолари фаол иштирок этиши, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириши қайд этилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқлардан келиб чиқиб, партия ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиб-таомиллар танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабларига жавоб бермайдиган бюрократик ғовлар ва тўсиқлар бекор қилинди.

Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Шу билан бирга, қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича Бош Битими қоидаларига уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати мавжуд.

Мазкур қонун лойиҳаси билан савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик беришни назарда тутилмаган мамлакатларда (ҳозирда 57 давлат энг кўп қулайлик режимига эга) ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан амалдаги импорт божлари ставкаларини 2 карра ошириб қўллаш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса миллий қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишини таъминлаш, шу жумладан, иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратиш ва чет эл инвестицияларини кенг жалб этишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг бугунги кундаги зарурати ва аҳамияти, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида депутатлар таклифлари асосида маромига етказилганлигини эътиборга олиб, маъқулладилар.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?