Иқтисодий юксалишдан миллий тараққиёт сари
Куни кеча Янги Тошкентда юртимиз ҳаётидаги энг улуғ ва қутлуғ саналардан бири — Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя остида кенг нишонланди. Байрам тантаналари халқимизнинг истиқлолга бўлган юксак эҳтироми, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончини яна бир бор ёрқин намоён этди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимдаги нутқи истиқлолнинг 35 йиллик шарафли тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш билан бирга, мамлакатимизнинг келгуси ўн йилликдаги ривожланиш йўналишларини белгилаб бергани билан алоҳида аҳамият касб этди. Зеро, унда Янги Ўзбекистонни янада юксалтириш, инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган аниқ мақсад ва устувор вазифалар белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик. Бу тарихий жараён халқимизнинг миллий ўзлигини янада теран англаши, тарихий хотираси ва маънавий илдизларига бўлган ҳурматини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Кейинги йиллардаги сиёсий ирода туфайли бугун “Инсон қадри учун” ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Биринчи галда “пахта қуллиги”, мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди. Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади.
Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёга кенг очилди. Аввало, йиллар давомида долзарб бўлиб келган чегара масалалари ҳал этилиб, қўшни давлатлар билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.
Кейинги ўн йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошди. Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келяпти. Бу оддий рақам эмас. Бу — янги корхоналар, янги технологиялар, янги иш ўринлари ва янги иқтисодий имкониятлар деганидир.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг изчил ўсиб бораётгани ҳам кейинги ўн йилдаги ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан биридир. Уч йил муқаддам 2030 йилга қадар ЯИМни 160 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган эди. Бугун эса жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият ва глобал логистикадаги узилишларга қарамай, ушбу маррага шу йилнинг ўзидаёқ ортиғи билан эришилиши кутилмоқда. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатини сақлаб, тараққиётнинг янги босқичига кўтарилаётганининг яққол далилидир.
Иқтисодиётимизни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган янги моделга ўтказиш эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар яратиш ва рақобатбардошликни кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу замонавий ва юқори малакали иш ўринларини кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, мамлакатимизни жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаши учун янги имкониятлар яратади.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилиши, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилиши мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан эътиборга моликдир. Асосийси, улар орқали замонавий ишлаб чиқариш қувватлари кенгаяди, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳажми ортиб, янги иш ўринлари яратилади ва аҳолининг турмуш фаровонлиги ошади.
Ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, янги бизнес лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва замонавий иш ўринларини яратишга туртки беради. Кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизим яратилиши иқтисодиётда рақобатбардошликни кучайтириш, хусусий сектор салоҳиятини ошириш ва миллий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиши учун мустаҳкам замин яратади.
Президентимиз нутқининг энг муҳим жиҳатларидан бири — келгуси ўн йилликнинг “миллий юксалиш даври” сифатида белгилаб берилганидир. Инсон қадрини янада юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакат тараққиётига янги суръат бағишлашга қаратилган 7 та миллий дастур ана шу юксак мақсадларнинг амалий ифодасидир. Бу дастурлар алоҳида-алоҳида ташаббуслар эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи, ягона мақсад сари йўналтирилган яхлит тараққиёт тизими ҳамдир. Уларнинг ҳар бири инсон манфаати, барқарор ривожланиш ва Янги Ўзбекистоннинг келажак қиёфасини барпо этишдек улуғ мақсадга хизмат қилади.
O'zLiDeP учун ҳам иқтисодий эркинлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор учун имкониятларни кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш каби вазифалар алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, 300 миллиард долларлик иқтисодиёт, 450 миллиард доллар инвестиция, 2 миллион юқори даромадли иш ўрни ва жон бошига 10 минг доллардан ортиқ ЯИМ каби марралар партиямизнинг иқтисодий тараққиёт, тадбиркорлик ва инсон фаровонлигига қаратилган ғоялари билан ҳамоҳангдир.
Энг муҳими, бу мақсадлар шунчаки рақамлар эмас, балки инсон манфаати ва фаровон ҳаётга қаратилган аниқ марралардир. Уларнинг ҳар бири ортида янги корхона, янги иш ўрни, тадбиркор учун кенг имконият, оилалар учун барқарор даромад ва инсон учун муносиб турмуш истиқболи мужассам. Зеро, иқтисодий тараққиётнинг ҳақиқий самараси, аввало, одамлар ҳаётида, уларнинг фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади.
Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлини чуқур сарҳисоб қилиш билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб берган муҳим дастурий аҳамиятга эга бўлди. Айни пайтда, у халқимизни янги марралар сари бирлаштирадиган, бугунги ютуқларни янада мустаҳкамлаб, келажакка ишонч билан интилишга ундайдиган муҳим сиёсий ва маънавий дастур сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.
Ўтган ўттиз беш йил озод Ватанимиз учун том маънодаги уйғониш, тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Бугун эса Янги Ўзбекистон олдида янада улуғвор марралар ва катта масъулиятли вазифалар турибди. Белгиланган устувор йўналишлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кўзланган юксак мақсадларнинг барчаси, энг аввало, инсон манфаати ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, ҳар қандай тараққиётнинг ҳақиқий мезони — инсон қадри, унинг муносиб ҳаёти ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончидир. Ана шу эзгу мақсадлар Янги Ўзбекистонни янада қудратли ва фаровон келажак сари етаклайди.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.