Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини оширишда O'zLiDePнинг устувор вазифалари белгиланди

25.11.2025
667

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда камбағалликка қарши кураш Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши мустаҳкамлаб қўйилди.

Юртимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида жорий йилда ишсизлик даражаси 4,9 фоизга тушиб, 302 минг оила камбағалликдан чиқарилди. 1 435 та маҳалла эса “камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айланди.

Депутатлар видеоселекторда қайд этилган вазифалар ЎзЛиДеПнинг ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини қайд этиб, партия сайловолди дастурида барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида ўрин олганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Адлия вазири А.Тошқуловнинг “Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳада бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали инсон омилини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлат хизматлари марказлари хизматларидан фойдаланиш даражаси йилдан йилга ўсиб боряпти. Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 770 дан ортиқ, давлат хизматлари марказлари орқали эса 500 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилган.

Айни вақтда кунига ўрта ҳисобда 100 мингга яқин фуқаро мазкур марказларга мурожаат қилмоқда. Биргина шу йилнинг 9 ойида ушбу марказлар томонидан 19,7 миллиондан зиёд хизматлар кўрсатилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хизматлар сони 3,5 миллионга ошган.

Фракция аъзолари аҳоли ва тадбиркорлик субектларидан 150 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши натижасида уларнинг 22,7 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришилганини ижобий баҳоладилар. 200 дан ортиқ давлат хизматлари бўйича ариза бериш жараёнлари “3 қадам” тамойили асосида соддалаштирилгани ҳам эътироф этилди.

Муҳокамалар давомида ушбу соҳадаги ютуқлар билан бирга, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хизматлар сифати ва аҳоли қониқиш даражасини ошириш, давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича бир қатор таклифлар берилди.

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?