“Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси тадбиркорларнинг рақамли саводхонлигини оширмоқда
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши ва Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ташкил этилди.
Унда тадбиркорларга интернет фирибгарлигидан ҳимояланиш, электрон тўловлар хавфсизлигини таъминлаш, шахсий ва корпоратив маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир давомида кучли пароллардан фойдаланиш, шубҳали ҳавола ва электрон хатларни аниқлаш, интернет фирибгарлигининг олдини олиш каби муҳим масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Таъкидланганидек, аҳоли, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро шаҳрида кибержиноятчилик ҳолатлари 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 463 тага камайган.
Рақамли технологиялар тадбиркорликнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бугунги шароитда киберхавфсизлик қоидаларига амал қилиш бизнес субъектлари учун муҳим аҳамият касб этади. “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ҳам тадбиркорларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, кибертаҳдидлардан ҳимояланиш кўникмаларини кучайтириш ва хавфсиз рақамли тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.