Кичик цехдан йирик корхонага: Зиёдахон 100 нафар хотин-қизни банд қилди
Андижон тумани “Жаҳонобод” маҳалласида “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси ўтказилди. Унда “Зуҳрахон Хожи Она” оилавий корхонаси раҳбари Зиёдахон Давронованинг фаолияти ўрганилди. У 6 йил аввал хонадонида кичик тикувчилик цехини йўлга қўйиб, бугунги кунда уни йирик корхонага айлантиришга эришди. Ҳозирда корхонада 100 нафардан зиёд хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.
Корхонада тайёрланаётган футболка ва турли кийим-кечаклар маҳаллий бозорда харидоргир бўлиб, ҳатто Россияга ҳам экспорт қилинмоқда. Зиёдахон келгусида ишчилар сонини янада оширишни режалаштирган. Ушбу лойиҳа эса маҳалладаги тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.