Коррупцияга қарши курашишдаги сиёсат янги босқичга олиб чиқилади
Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган энг хавфли иллатлардан бири, шубҳасиз, коррупциядир.
Бу иллат, аввало, халқимизнинг давлат ва ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши, хуфёна иқтисодиёт ривожланиши, давлат, жамият ва фуқаролар хавфсизлига таҳдид солиши, барқарор ривожланиш мақсадларига тўсқинлик қилиши, халқаро миқёсдаги мавқеига ўта салбий таъсир этиши билан ҳам ғоят хатарлидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазмунан янги коррупцияга қарши самарали курашни ташкил этиш, жамиятда коррупцияга тоқатсизликни шакллантириш, давлат хизматчиларида ҳалоллик ҳиссини ошириш, бу иллатга барча соҳаларда батамом чек қўйиш борасида кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
2024 йил парламент сайловида қатнашадиган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари ўз ўрнини эгаллаган.
Хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий стратегиялар АҚШ, Франция, Италия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизстон, Тожикистон сингари бир қатор давлатларда қабул қилинган ва ўзининг ижобий натижасини кўрсатган.
Шу мақсадда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” деб номланган Сайловолди дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишда сиёсатни янги босқичга олиб чиқиш кўрсатилган.
Партиямиз коррупцияга қарши курашишни кучайтириш мақсадида “Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш, коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича чоралар кўриш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилишни мақсад қилган.