Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг туман босқичида 30 нафар ихтирочи қатнашди
Сайхунобод туман 1-сон техникумида O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Тадбир ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва уларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Тадбирда ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Элёр Жўраев, партиянинг туман Кенгаши аппарати раҳбари Абдужаббор Эрназаров, туман Кенгаши депутатлари ва фаол ёшлар иштирок этишди.
Ёшлар ўзлари таклиф қилган стартап ғоялари, кичик бизнес режалари ва креатив лойиҳаларини тақдим этишди. Уларнинг эътиборини хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, туризм, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва онлайн савдо йўналишларидаги ташаббуслар ўзига тортди. Лойиҳанинг туман босқичида 30 нафардан ортиқ ёш ихтирочилар жам бўлишди.
Лойиҳа доирасида “Креатив тадбиркор ёшлар бизнес форуми”, “Креатив ғоялар ярмаркаси”, мастер-класс ва тренинглар, “Ҳунармандлар кўргазмаси”, “Депутат ва ёшлар” мулоқот учрашувлари ҳамда спорт тадбирлари ташкил қилинди. Асосий иштирокчилар олий таълим муассасалари талабалари, техникум ва лицей ўқувчилари ҳамда Ёшлар қаноти аъзолари бўлишди.
– Ҳар йили ёшлар ўртасида янги танловлар ташкил қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин қизиқувчан ва ихтирочи ёшларни қўллаб-қувватловчи танловлар жуда кам эди. Шу сабабли ушбу танлов ёшлар орасида тезда оммалашди ва унга қизиқиш билдирганлар сони кескин кўпайди. Танлов иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ғоя ва кашфиётларга етаклашда муҳим аҳамиятга эга, – деди Элёр Жўраев.
Ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг ижтимоий фаоллиги, истеъдоди, етакчилик қобилияти ҳамда инновацион ғоя ва технологиялардан самарали фойдаланиш кўникмалари эътиборга олинди.Тадбир сўнгида танлов комиссияси энг истиқболли ва амалга ошириш имконияти юқори бўлган ғояларни эътироф этди.
Сарвар Самиев ўзининг “Ноодатий ишланмалар” лойиҳаси билан диққат марказида турди. Унинг янги ва инновацион ёндашувлари иштирокчилар ва ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди.
Нафиса Алишерова эса “Диорема” номли стартапи билан саҳнага чиқди. Унинг креатив ғоялари ва амалга ошириш режалари ҳар бир томошабинга умид ва илҳом бағишлади.
Ҳасан Мастонқуловнинг “Ақлли робот” лойиҳаси замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ва янги имкониятлар яратиш борасида алоҳида эътироф топди. Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.