Криптоактивлар бозорини тартибга солиш ва хавфсизлик масалалари бўйича муҳокама ўтказилди
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши, Тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Санкт-Петербург давлат университети Тошкент филиали ҳамкорлигида рақамли валюталар, криптоактивлар ва виртуал активларни тартибга солиш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда партия вакиллари, депутатлар, экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда хусусий сектор мутахассислари иштирок этди.
Мулоқот чоғида рақамли валюталарнинг моҳияти, криптоактивлар айланмаси ва марказий банк рақамли валюталарининг жаҳон амалиётидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда виртуал активлар бозорини тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари — лицензиялаш, киберхавфсизликка қўйиладиган талаблар, виртуал активлардан инвестицион мақсадда фойдаланиш тамойиллари каби масалалар муҳокама қилинди. Россия тажрибаси, хусусан рақамли молиявий активлар тўғрисидаги қонун ва рақамли рубль пилот лойиҳаси бўйича амалий маълумотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир якунида рақамли активлар соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат-хусусий ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда ёшлар ўртасида рақамли молия бўйича маърифий ишларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу мулоқот икки давлат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, рақамли иқтисодиётни самарали ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.