Юксак иқтисодий ўсиш — стратегик танлов
Президентимиз раислигида кеча бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда мамлакат иқтисодий тараққиётидаги муҳим йўналишлар, эришилган натижалар ва кўрсаткичлар билан бир қаторда, эътибордан четда қолган айрим масалаларга аҳамият қаратилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ўтган йил якунлари билан мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Айтиш мумкинки, бу рақамлар ортида минглаб корхоналардаги модернизация жараёнлари, янги инвестиция лойиҳалари, замонавий технологияларни жорий этиш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар турибди.
Айниқса, иқтисодиётга энергия тежамкор ва илғор технологияларни кенг жорий этиш натижасида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайган. Бу — иқтисодий ўсиш фақат ҳажм жиҳатидан эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам таъминланаётганини англатади. Зеро, бугунги дунёда арзон ва самарали ишлаб чиқаришга эришмаган мамлакат глобал бозорда мустаҳкам ўрин эгаллай олмайди.
Эришилган натижалар замирида иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар соҳаси ҳисобига таъминлангани ҳам иқтисодиёт таркибидаги ижобий ўзгаришлар сифатида намоён бўлган. Бу соҳада рақамлаштириш, логистика, молия, ахборот технологиялари ва туризм каби йўналишларда янги имкониятларнинг очиб берилиши, хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётнинг диверсификацияси кучаяётганини, ички бозор талабига мослашувчанлик ошганини билдиради.
Йиғилишда автомобилсозлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда йилига 650 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга тўртта йирик корхона мавжудлиги, бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, кооперацияни чуқурлаштириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди.
Жорий йилда бу борадаги кўрсаткичларни ошириш вазифаси қўйилди. Бу минглаб иш ўринлари, солиқ тушумлари ва экспорт имкониятларини кенгайтириб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Шу билан бирга, ички бозор талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Молиявий инструментларни такомиллаштириш орқали аҳоли учун замонавий автомобил харид қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилаётгани диққатга сазовор.
Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш соҳасида ҳам катта имкониятлар мавжудлиги, уларнинг тўлиқ ишга солиниши натижасида эса фермерлар йилига камида 15 мингта техника сотиб олишга тайёр экани билдирилди. Бу ички саноат учун барқарор талаб ва янги ўсиш нуқтаси бўлишидан далолатдир.
Энг муҳим масалалардан бири — бошқарув сифатини оширишдир. Шу боис давлат раҳбари ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари янгича фикрлашга ўтиши, сунъий интеллект ва рақамлаштириш имкониятларидан кенг фойдаланиши, инновацион ёндашувларни жорий этиши шартлигини қайд этди. Замонавий иқтисодиёт рақамли технологияларсиз ривожланиши мумкин эмаслигини эса ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз иқтисодиёти изчил ривожланмоқда. Унинг барқарорлигини янада таъминлашда барча бирдек масъул бўлиши зарур. Қўйилган вазифалар ижроси натижадорлигини кафолатлаш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни жойларда, аҳоли ўртасида кенг тушунтиришда депутатлар ҳам фаол бўлишлари айни муддаодир. Ислоҳотларнинг изчиллиги, бошқарувнинг самарадорлиги ва жамиятнинг фаол иштироки эса бу йўлдаги энг катта муҳим мезондир.
Бахтиёр АРТИҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.