Кўтаринки руҳ, бунёдкор ғояларни амалга ошириш учун самарали майдон
Бугун мамлакатимизда бизнес муҳити тубдан ўзгарди, чиннакам тадбиркор қиёфаси шаклланди. Уларнинг фаолиятига ғов бўлиб келган барча тўсиқлар босқичма-босқич бартараф этилди. Ишбилармонларга хорижий давлатлар билан яқин дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашув имкониятларини йўқотиш — буларнинг бари бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани фаол кенгайтириш учун катта рағбат берди. Энди тадбиркорликка қўрқув билан эмас, балки катта ишонч, улкан мақсад ва лойиҳалар билан кириб бориляпти. Давлатимиз раҳбари уларни бугунги кун қаҳрамонлари сифатида эъзозлайди.
Шу боис Президентимизнинг тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқоти анъанавий тарзда йўлга қўйилгани нафақат ишбилармонларимизни қўллаб-қувватлаш, балки уларга кўтаринки руҳ, бунёдкор ғояларини амалга ошириши учун туртки бермоқда. Энг асосийси, тадбиркорларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифларини тинглайдиган, уларга ечим топадиган самарали тизим яратилди.
Дўстона ва ишонч руҳини берувчи навбатдаги очиқ мулоқотда ҳам шу каби ютуқлар эътироф этилиши баробарида тизимда кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳам ижобий ечим айтилдики, бу соҳа вакилларини ниҳоятда тўлқинлантириб юборди.
Ҳозир Ўзбекистонда ҳам илғор, уддабурон, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бораётир. Ҳар бир соҳага инновацион ёндашувлар кириб келяпти. Янги-янги ишлаб чиқариш турлари кўпаймоқда. Жумладан, ишини кичик лойиҳадан бошлаб, бизнесда тажриба ва малака тўплаган якка тартибдаги тадбиркорларга кўмак бериб, уларни 50-100 нафар одам ишлайдиган бақувват корхоналар соҳибига айлантириш мақсадида ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режим жорий этилди.
Энди бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва “СМС хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти бериляпти.
Ҳар бир тармоқнинг сифати кафолатланган, рақобатдош 10 тадан маҳсулотига “Ўзбекистон рамзи” сифат белгисини бериб, уларни дунёга танитиш учун катта тарғибот кампанияси бошланади.
Демак, катта корпорациялар янада кўпаяди, чет эл бозорларига чиқиш имкониятлари ортади, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада юксалади. Албатта, бу Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш тизимли тус олганидан далолатдир.
Давлат раҳбари очиқ мулоқотда илгари сурган янги ташаббуслар кечанинг ўзидан бошлаб кучга кирди. “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармон эълон қилинди. Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича илгари сурилган ҳар бир янгилик соҳа ривожида навбатдаги муҳим қадамлардан бўлишига ишонамиз. Тадбиркорларимиз эса Янги Ўзбекистон иқтисодий асосини яратишнинг энг фаол иштирокчисига айланиши, шубҳасиз.
Равшан ФОЗИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва
саноат масалалари қўмитаси аъзоси.