Лимон етиштириш ва тикувчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар танловнинг туман босқичида қатнашади
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Хоразм вилояти Янгиариқ туманида ўтказилган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” танлови маҳаллаларда тадбиркор ва ташаббускор хотин-қизларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлашга хизмат қилди. Танловда фаол иштирок этган Ражабгул Жуманиязова ва Муборак Жудайберганова танловнинг туман босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Қарийб 30 йилдан буён лимончилик билан шуғулланиб келаётган Ражабгул Жуманиязова ўз хонадонидаги иссиқхонада йилига 1 тоннагача лимон етиштириб, оила даромадини ошириш билан бирга аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. Шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб, имтиёзли кредит асосида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган Муборак Жудайберганова бугунги кунда 16 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлашга эришди.
Қувонарлиси, бу каби меҳнатсевар ва ишбилармон аёлларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу эса маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Маҳалланинг ишбилармон аёли” танлови эса фидойи аёлларни кашф этиш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантиришда самарали майдон бўлиб хизмат қилмоқда.