Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 01-апрел 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Маҳалла тизими – тараққиёт, бирдамлик ва фаровонлик манбаи

18.10.2025
738

Маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари томонидан қайд этилган муҳим ташаббус ва вазифалар маҳалланинг фақат ижтимоий тузилма сифатида эмас, балки давлат бошқаруви тизимининг тўлақонли бўғини сифатида шаклланиб бораётганини кўрсатади.

Видеоселектор йиғилишида ушбу соҳадаги энг муҳим муаммолар, илгари сурилган ташаббуслар ва уларнинг натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла — бу нафақат аҳолининг яшаш жойи, балки жамоатчиликнинг бирдамлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг асосий устунидир.

Маҳаллада “еттилик” тизимининг жорий қилингани энг муҳим янгиликлардан бири бўлди. Бу тизим орқали кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилди. Бунинг натижасида 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси эса қарийб 2 баробарга қисқарди. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилиб, уларга етарли ресурслар ва ваколатлар берилди. Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам катта маблағлар йўналтирилмоқда.  

Маҳалла тизимининг яна бир муҳим жиҳати — молиявий мустақиллик масаласи бўлиб, Президентимизнинг ташаббуси билан илк бор “Маҳалла бюджети” тизими йўлга қўйилди. Бу, айни пайтда, фуқароларнинг ўз ҳудудидаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтирди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали аҳоли ўз фикри ва таклифини ифода этиш имкониятига эга бўлди.

Бугунги кунга келиб мамлакатимиз бўйлаб 9 мингдан ортиқ маҳалла “Ташаббусли бюджет” жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Бу жараёнларда 50 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Улар орасида йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, боғча ва мактабларни обод қилиш каби аҳолининг кундалик эҳтиёжига яқин бўлган йўналишлар устувор аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳими, бу жараён орқали нафақат маҳаллий инфратузилма янгиланмоқда, балки одамларда ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳисси, масъулият ва бирдамлик кайфияти шаклланмоқда. Президентимиз қабул қилган қарорлар натижасида маҳалладаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда Қонунчилик палатаси депутатлари учун ҳам янги имкониятлар яратилди. Энди ҳар бир депутат ўз сайлов округидаги аҳолининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни “Ташаббусли бюджет” орқали амалга ошириш имкониятига эга.

Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган яна бир муҳим ташаббус — Солиқ қўмитаси томонидан ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингининг йўлга қўйилиши бўлди. Мазкур ташаббус маҳаллалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга, маҳалладаги солиқ йиғимларини ошириш орқали маҳаллий бюджетларнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Маҳалла бюджетига санитария, экология ва ноқонуний қурилишлардан олинадиган жарималарнинг 10 фоизи йўналтирилиши эса маҳалла даражасидаги ижтимоий тартибни сақлаш ва яшаш муҳитини яхшилашга қаратилган самарали йўлдир. 2026 йилдан бошлаб маҳалла бюджетларига ҳар йили қўшимча 200 миллиард сўмдан ажратиладиган маблағлар жамиятнинг бу муҳим тузилмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Дарҳақиқат, бугун маҳалла фақат фуқаролар йиғини эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим боғловчи кўприкка айланди. Бу тизим орқали давлат аҳолига яқинлашмоқда, муаммолар манзилли ҳал этилмоқда.

Маҳаллада иш юритувчи “еттилик” тизими, яъни раис, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, солиқ ва банк вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик маҳалланинг ҳақиқий ривожланиш драйверига айланмоқда. Улар ягона жамоа сифатида иш юритганда, ҳар бир маҳаллада янги лойиҳалар, янги имкониятлар яратилаётганини кўриш мумкин.

Йиғилишда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Маҳалладаги бўш ерлар ва бинолардан самарали фойдаланиш, инфратузилма лойиҳалари билан бирга ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳим вазифа этиб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари оилавий муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ажрашган оилалар, алимент тўлашдан бош тортган ота-оналар, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатларининг учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун маҳалла тизимининг аҳамияти яна бир бор таъкидланди. Ёшлар ўртасида оилавий масъулият ва турмуш тарзига оид тарғибот ишларини кучайтириш, никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистонда маҳалла тизимини такомиллаштириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифалар маҳалла жамоатчилиги фаоллигини ошириш, ижтимоий муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва замонавий инфратузилмани барпо этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Келгуси йилларда ҳам маҳалла тизимидаги ислоҳотлар ва маблағлар йўналтирилиши самарали ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда халқ фаровонлигини оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Президентимиз томонидан маҳалла тизимини янада ривожлантириш ва жойларда ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилаш бўйича илгари сурилган кенг қамровли ташаббус ва вазифаларни депутатлик корпуси вакиллари қўллаб-қувватлайди. Маҳалла энди фақат маъмурий тузилма эмас, балки жамиятда фаолият, бирдамлик ва тараққиёт манбаи ҳамдир.

Биз депутатлар ушбу янгича имконият ва масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, сайлов округларимизда маҳалла тизимини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг фаровонлигини таъминлаш борасида фаол иш олиб борамиз. Зотан, маҳалла — Янги Ўзбекистон пойдеворидир. Шу пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, юртимиз тараққиёти ҳам шунчалик барқарор бўлади.

 

Абдулла АСЛОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Сайтни янги дизайни ёқдими?