“Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда
Қорақалпоғистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги танловга расман старт берилди. O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Аёллар қаноти ҳамда Нукус шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тадбирда маҳаллада фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизлар ўз бизнес лойиҳалари ва ташаббуслари билан иштирок этди.
Танловда иштирокчилар ўз фаолияти, эришган натижалари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳамда келгуси режалари ҳақида тақдимотлар ўтказди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг ташаббускорлиги, инновацион ёндашуви ва маҳаллий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани алоҳида эътироф этилди. Тадбир маҳаллада тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Танлов якунларига кўра, ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган Меҳрибан Утемуратова ғолиб деб топилди. Шунингдек, қўл меҳнати, миллий либослар тикиш ва пиллачилик соҳасида самарали меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг фаолияти ҳам юқори баҳоланди. Бундай лойиҳалар хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллалар тараққиётига хизмат қилмоқда.