Мамлакатимиз янги тараққиётининг стратегик дастури
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатни яқин ва ўрта истиқболда жадал ривожлантиришга доир том маънодаги тарихий воқеа бўлиб, стратегик йўналишлар бўйича концептуал ёндашувлар баён қилинган миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришга қодир дастурий ҳужжат ҳисобланади.
У ҳаётий дастур сифатида халқимизга ҳар томонлама манфаатли бўлиб, мамлакатимиз келажагига бевосита дахлдордир. Бундаги ғоя, ташаббус ва режалар ҳар биримизнинг фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномасида давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилган туб ислоҳотлар, эришилган натижалар, юртимизни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган янги, кўлами кенг ташаббуслар илгари сурилди.
Мурожаатномада айтилганидек, дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, мамлакатимиз раҳбари Ватан ва халқимиз манфаати йўлида барчани бирлашишга даъват этди. Зеро, бугунги таҳликали вазиятда кўплаб муаммоларни биргаликда ҳал этишимиз зарурияти ҳам ортиб бормоқда.
Халқимизни бирлаштиришда ҳамда кўплаб муаммоларни жойида бартараф этишда муҳим институт бўлган маҳалланинг ўрнига юксак баҳо берилди. Бу бежиз эмас. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ҳам маҳаллада истиқомат қилади ва ўз эҳтиёжларини қондиради. Маҳаллалар фуқаролар ва оилалар билан бевосита ишлашда, жойлардаги муаммоларни сифатли ҳал этишда катта кучга эга.
Давлатимиз раҳбари ноёб институт бўлган маҳалланинг ўрнини теран очиб берди ва келгуси йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф этди. Бу халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди ва қўллаб-қувватланди. Зотан, бугунги кунда маҳалла институти давлат ҳокимияти органлари билан халқ ўртасида ишончли кўприкка, аҳоли муаммоларни самарали ҳал этишга қодир институтга айланди.
Сўнгги тўққиз йилдаги ислоҳотлар самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда. Бироқ, замон ушбу шиддатли ислоҳотларни изчил давом эттиришни, янгича чақириқларга муносиб жавоб беришни тақозо қиляпти. Шунинг учун 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.
Мурожаатномада 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Бу йўналишлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган бўлиб, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ҳамда янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экология ва “яшил” энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни ичига олиши билан аҳамиятлидир.
Мурожаатномада ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсат, миллий хавфсизликни таъминлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юқоридаги ҳар бир ғоя ва ташаббуслар эса халқимиз келажаги ва ёрқин истиқболини қуриш йўлида муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, ушбу ташаббусларни кенг тарғиб этиш ва ҳаётимизга кенг жорий этиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Хушвақт ХАЙИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати