Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Мамлакатимизнинг стратегик шериклик ва модернизация йўлидаги салмоқли қадами

26.09.2025
649

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг океанортига ташрифи доирасида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этиши асосий кун тартибидан ўрин олди. Президентимиз умумий мунозаралар минбаридан Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий масалалар бўйича позициясини баён этди. Бу нутқ орқали мамлакатнинг тинчлик, барқарор ривожланиш, сув ва иқлим хавфсизлиги, логистика коридорлари ва инсон ҳуқуқларига оид ташаббуслари яна бир бор намоён бўлди.

Ташрифнинг энг катта янгилиги — “Uzbekistan Airways”нинг “Boeing” билан йирик шартнома тузиши бўлди. 14 та “787 Dreamliner” самолётини сотиб олиш, яна 8 тасига эса опцион келишув имзоланди. Қиймати тахминан 8 млрд. доллардан ортиқ бўлган бу битим авиакомпания тарихида энг катта харид ҳисобланади. АҚШдаги минглаб иш ўринлари қўллаб-қувватланиши билан бирга, Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилди. Бу лайнерлар парвоз географиясини кенгайтиради, туризм ва транспорт соҳасида рақобатбардошликни кучайтиради, хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқади.

Молия ва иқтисодиёт соҳаси ҳам ташрифнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Президент Жаҳон банки ва Халқаро валютa жамҚармаси раҳбарлари билан учрашиб, ислоҳотларнинг келгуси босқичи ва молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари ҳақида фикр алмашди. Шу билан бирга, “Bank of New York Mellon” ва “Franklin Templeton” каби молиявий гигантлар билан мулоқотларда капитал бозорини ривожлантириш, институционал сармоя жалб этиш, корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Бу учрашувлар Ўзбекистон молия инфратузилмасини чуқур модернизациялаш ва халқаро бозорлардаги мавқеини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташриф давомида АҚШнинг етакчи корпорациялари ва сармоявий жамғармалари билан раунд-стол ҳам ўтказилди. Унда рақамли иқтисодиёт, инфратузилма, таъминот занжирлари ва критик минераллар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Айниқса, критик минераллар йўналишига оид келишувлар Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Чунки бу соҳада қўшилган қийматни мамлакат ичида шакллантириш ва янги иш ўринлари яратиш имкони пайдо бўлади.

Сиёсий жиҳатдан ҳам ташриф самарали ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трамп билан олдиндан телефон орқали мулоқот қилгани ва икки томонлама стратегик шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилгани ташрифнинг муҳим дипломатик фонида намоён бўлди. Нью-Йоркда эса халқаро ташкилотлар ва давлатлар раҳбарлари билан мулоқотлар Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

Шу жиҳатдан, Нью-Йоркка ташриф нафақат дипломатик алоқалар, балки аниқ иқтисодий ва саноат йўналишларида ҳам кенг қамровли натижаларга эга бўлди. Бу ташрифнинг амалий самаралари яқин йилларда авиатранспорт, капитал бозорлари, саноат ва туризм соҳаларида ўз сўзини айтиши шубҳасиз. Шу боис бу сафарни Ўзбекистоннинг стратегик шериклик ва модернизация йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Покиза АҲМЕДЖАНОВА,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси,
халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси.

Сайтни янги дизайни ёқдими?