Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Марказий Осиё ўз йўлини ўзи белгилайди

12.01.2026
594

Куни-кеча россиялик пропагандачи Владимир Соловьёв томонидан айтилган баёнот ўз моҳиятига кўра на таҳлил, на сиёсат, балки замонавий дунё ҳаётидан узилган империявий ўтмиш риторикасидир.  

Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон – ҳеч кимнинг «таъсир зонаси», «кимнингдир Осиёси» ёки геосиёсий фантазияларидаги савдолашув объекти эмас. Биз – халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган, ўз халқлари, манфаатлари ва хавфсизлиги учун жавобгар бўлган суверен давлатлармиз.

Теле-эфирларда очиқчасига оқланаётган халқаро ҳуқуқни менсимаслик – бу тўғридан-тўғри давлатлараро ишончнинг емирилишига, беқарорлик ва урушларга олиб борадиган йўлдир. Шу боис Марказий Осиё давлатлари куч ишлатиш мантиғини эмас, балки чегараларнинг дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик ва тинч ҳамкорликни изчил қўллаб-қувватлайди.

Ўз чегараларидан ташқарида «миллий хавфсизлик» баҳонаси билан тажовузни асослаш – бу ўта хавфли тарзда ўз-ўзини алдашдир. Ҳеч бир давлат қўшниларига таҳдид солиб хавфсизроқ бўлиб қолмайди. Тарих кўп бор исботлаган: урушни экспорт қилиш охир-оқибат беқарорлик, санкциялар, халқаро яккаланиш ва келажакдан маҳрум бўлиш билан қайтиб келади.

Биз барча ҳамкорларимиз, жумладан Россия Федерацияси билан муносабатларни қўрқув эмас, тенглик ва ўзаро ҳурмат асосида қурмоқдамиз. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ўзи билан ультиматум тилида гаплашишга мутлақо йўл қўймайди. 

Марказий Осиё – бу мулоқот, тараққиёт ва масъулият минтақаси. У «озод этиш», ҳомийлик ёки бошқаларнинг урушларига муҳтож эмас

Сайдулло Азимов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

Сайтни янги дизайни ёқдими?