Марказий Осиё – Россия: стратегик шериклик ва истиқболли ҳамкорлик сари янги қадамлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммитда сўзлаган нутқи мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатини яна бир бор намоён этди. Давлат раҳбари Россияни “муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи” сифатида таърифлаб, бу муносабатлар келгусида ҳам шундай мақомда давом этишини таъкидлади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, инфратузилмавий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт, логистика, саноат, энергетика ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари — минтақанинг барқарор ривожланиши ва халқлар фаровонлигига хизмат қилади.
Самарқанд шаҳри — Буюк Ипак йўли маркази, Шарқ цивилизациясининг маданий ва илмий қутбларидан бири сифатида — бугун янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда. Туризмни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Самарқанд нафақат тарихий мероси, балки замонавий имкониятлари билан ҳам дунё эътиборини тортмоқда.
Айни пайтда Самарқанд халқаро аэропорти орқали кўплаб давлатларга авиарейслар йўлга қўйилгани — Президентимиз олиб бораётган стратегик сиёсатнинг амалий ифодасидир. Бу ташаббуслар туризм ва маданий алмашинувни жонлантириш, хизматлар экспортини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган барча ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлайди ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим сиёсий ва амалий асос сифатида баҳолайди.
Илҳом Ботиров,
O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.