Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Маҳсулотлар экспорти кенгайтирилмоқда

31.03.2026
246

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимиз таклифига биноан 26-27 март кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифининг якунлари ижобий баҳоланди.

Депутатлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича эришилган келишувларга алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини сезиларли ошириш режалари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Фракция раҳбари Актам Хаитов мазкур ташриф икки томонлама ҳамкорликнинг амалий иқтисодий кооперация ва узоқ муддатли тараққиётга йўналтирилган сифат жиҳатидан янги моделини яратишда муҳим босқич бўлганлигини қайд этди.

Эришилган келишувлар Ўзбекистон — Тожикистон муносабатларига янги суръат бағишлаши, бу эса, мамлакатлар тараққиёти ва халқларимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.

—Мазкур қонун лойиҳасини партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб обдон муҳокама қилдик, — деди фракция аъзоси Дилмурод Артиқов. —Унда белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат партиямиз ғояларига уйғун эканлигини эътиборга олиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни берган ҳолда, уни қўллаб-қувватладик.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?