Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 08-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Минтақа иқтисодий тараққиёти ривожи учун муҳим ташаббуслар

08.10.2026
82

Президентимиз Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, қўшма саноат ва технологик занжирларни шакллантириш, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция механизмларини йўлга қўйиш таклиф этилди. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи орқали мамлакатларнинг имкониятларини бирлаштириб, тайёр маҳсулотни биргаликда яратиш мақсади илгари сурилди.

Транспорт-логистика соҳасида ҳам янги ёндашув зарурлиги қайд этилди. Янги транспорт йўлаклари атрофида ишлаб чиқариш корхоналари, логистика марказлари ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш орқали бутун минтақа учун янги иқтисодий фаоллик нуқталарини яратиш таклиф қилинди. Шунингдек, энергетика, “яшил” тараққиёт, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Замонавий технологиялар ва инсон капитали ҳам минтақанинг келажаги учун устувор йўналиш сифатида кўрсатилди. Сунъий интеллект ва катта маълумотлар асосида умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш, шунингдек, келгусида талаб юқори бўладиган касб ва компетенцияларни аниқлайдиган минтақавий атлас ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бу эса таълим ва профессионал тайёргарликни иқтисодиётнинг реал эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, саммитда илгари сурилган ташаббуслар Марказий Осиёни тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли ва ўзаро боғланган минтақага айлантиришга қаратилган. Энг муҳими, ҳамкорлик энди фақат савдо муносабатлари билан чекланмай, биргаликда ишлаб чиқариш, технология, транспорт, энергетика, экология ва кадрлар тайёрлаш каби стратегик соҳаларни қамраб олмоқда. Бу ёндашув халқлар фаровонлиги ва келгуси авлодлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?