Миришкорда саноат корхонаси аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
Ишчи гуруҳ дастлаб Миришкор тумани Элобод қишлоғида жойлашган “Mirishkor Ratex Tekstil” МЧЖ фаолиятини ўрганди. 2021 йилда ташкил этилган корхонада бугунги кунда 250 нафар маҳаллий ёшнинг бандлиги таъминланган. Корхонада пахта толасини қайта ишлаш ва йигиришдан иборат тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган.
Танишув давомида ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар, яратилган иш ўринлари ҳамда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинаётгани, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қиймат яратилаётгани алоҳида эътироф этилди.
— Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади — хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, саноатни ривожлантириш ва ёшларни иш билан таъминлашдир, — деди Актам Хаитов. — Партиямиз томонидан чекка ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда ушбу корхона фаолияти ҳудудий иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.