Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 17-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Мўйноқда аҳоли турмуш шароити ва мурожаатлар ўрганилди

17.09.2026
92

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб бормоқда. Навбатдаги ўрганишлар Мўйноқ туманида ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари, ижтимоий масалалар, тадбиркорлик ва ҳудуд инфратузилмаси билан боғлиқ ишлар ҳолатига эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ “Мўйноқ” ва “Дўстлик” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда тадбиркорлар билан учрашиб, бизнес учун яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар ва ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги ҳам ўрганилди.

Туманда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 97,8 километр сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш, 5 та сув тақсимлаш иншооти ҳамда 9 та сув резервуарини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа якунига кўра, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, “Орол денгизи тарихи” музейи ва “Ажинияз” экопарки фаолияти ўрганилиб, туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.

“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилган сайёр қабулда 250 нафар фуқаро иштирок этди. Мурожаатлар натижасида 53 та муаммо аниқланиб, уларнинг 46 таси жойида ҳал этилди, 7 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. 25 нафар фуқарога 224,6 миллион сўмлик турли кўринишдаги ёрдам кўрсатилди. Аҳолининг электр ва газ тарифлари, интернет нархлари, туризм инфратузилмаси каби масалалар бўйича таклифлари тегишли ташкилотларга йўналтириш учун назоратга олинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?