Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 02-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Мурожаатдан ечимга, ғоядан натижага: O‘zLiDePнинг янги даврдаги амалий қадамлари

02.09.2026
106

Ўзбекистон либерал-демократик партияси — истиқлол фарзанди

Узоқ йиллар хусусий бизнес ва тадбиркорлик тафаккурига батамом барҳам берилган мамлакатимизда истиқлол шарофати билан хусусий мулк ва хусусий ташаббусга муносабат тубдан ўзгарди. Инсоннинг ўз меҳнати, билими, қобилияти ва ишбилармонлик салоҳияти асосида фаровон ҳаёт қуриши учун кенг имкониятлар яратилди. Юртимизда тадбиркорлик кенг қулоч ёзиб,  мулкдорлар қатлами ва жамиятнинг иқтисодий таянчи бўлган ўрта синф шакллана бошлади. Бу жараён жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам янги воқеликни юзага келтирди. Ўз бизнеси, мулки, меҳнат жамоаси ва эртанги кунига дахлдор манфаатлари бўлган янги қатламнинг ўз хоҳиш-истаклари, дунёқараши ва манфаатлари шаклланди. Тадбиркорлар учун иқтисодий эркинлик, мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги, рақобат муҳити, солиқ ва маъмурий юкнинг мақбул бўлиши, давлат органлари билан очиқ ва самарали мулоқот каби масалалар ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Ана шундай тарихий ва ижтимоий эҳтиёжнинг табиий маҳсули сифатида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси майдонга чиқди. Шу маънода O‘zLiDePга мустақиллик фарзанди, истиқлол меваси дея таъриф бериш мумкин. Чунки партиянинг вужудга келиши мамлакатимизда мустақиллик туфайли шаклланган хусусий мулкдорлар, ишбилармонлар қатламининг сиёсий манфаатларини ифодалашга бўлган эҳтиёж билан бевосита боғлиқдир.

Ташкил топган дастлабки кунларданоқ O‘zLiDeP хусусий мулк дахлсизлигига эришиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш каби ғояларни ўзининг асосий сиёсий мақсадлари сифатида белгилади. Эътиборлиси, бу ғоялар йиллар давомида партиянинг қонунчилик ташаббуслари, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги вакиллари фаолияти, сайловчилар билан мулоқотлари орқали амалий мазмун касб этди.

Қайд этиш зарурки, O‘zLiDeP дастлабки йилларда тадбиркорлар манфаатларининг ифодачиси сифатида фаолият юритган бўлса, кейинчалик жамиятимизнинг барча фаол қатламларини фаровонлик ва тараққиёт мақсадларига бирлаштирувчи мустаҳкам сиёсий куч сифатида ривожланди.

Партия сайловолди дастури – сиёсий мажбурият

Истиқлолимизнинг 35 йиллик тўйи арафасида O‘zLiDePнинг мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичидаги фаолиятига назар ташлаб, партия сўнгги бир йил давомида нечоғли фаол бўлди, тилга олишга арзирли қандай ишларни амалга оширди, электорати ишончини оқлай олдими сингари саволларга аниқ ва лўнда жавоб беришга ҳаракат қилдик.

O‘zLiDeP зиммасидаги вазифалар ҳақида гап кетганда партиянинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури сиёсий мажбурият эканини таъкидлашимиз зарур. Дастурда белгиланган иқтисодий эркинлик, хусусий сектор учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни ривожлантириш каби мақсадларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғунлиги диққатга молик. Аммо дастурнинг аҳамияти унинг матни мукаммал ёзилгани билан эмас, ҳаётга қанчалик татбиқ қилинаётгани билан ўлчанади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — партиянинг ўзгармас устувор йўналиши

O‘zLiDePнинг сиёсий қиёфасини тадбиркорлар манфаатини ифодалашдан айрича тасаввур қилиб бўлмайди.

Партиямиз нуқтаи назарига кўра бугунги кунда хусусий секторга хайрихоҳлик фақатгина “тадбиркорга имтиёз бериш” билан чекланмайди. Бизнеснинг ўсиши, рақобат, молия, экспорт, инфратузилма, кадрлар, рақамли технологиялар ва ташқи бозорларга чиқиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ масалаларга айланмоқда. Партия тадбиркорларга мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида қарайди. Шу боис 2025 йилда партия ва унинг депутатлик гуруҳлари фаолиятида давлат ва ҳукумат томонидан белгиланган вазифалар моҳиятини тушунтириш билан бирга уларнинг ижросини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Масалан, O‘zLiDeP ташаббуси билан Андижонда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда рухсатномаларни бериш жараёнини соддалаштириш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, солиқ ва молия тизимидаги енгилликлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳудудларда депутатлар, тадбиркорлар ва мутахассислар иштирокида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, муаммоларни жойида ўрганиш амалиёти кучайтирилди.

Сурхондарёда эса хусусий таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ва экспорт билан шуғулланаётган корхоналар, ҳунармандларнинг муаммолари ўрганилди. Аксарият муаммоларнинг босқичма-босқич ҳал этилишига эришилди. Бу каби мулоқотлар партиянинг тадбиркорлар дуч келаётган қийинчиликларга “мурожаат – муаммо – ечим” тамойилига асосан ёндашаётганидан дарак беради.

Наманганда депутатларимизнинг кичик саноат зонасидаги корхоналар билан мулоқотлари ҳам шу нуқтаи назардан аҳамиятли. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни ошириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратиш масалалари бевосита корхоналарнинг ўзида муҳокама қилиниб, ечимлар ишлаб чиқилди.

2026 йил 18 августда Хивада Президентнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Бу мулоқот партия учун, аввало, фаолиятининг келгуси йўналишларини  янада аниқлаштириб бергани билан аҳамиятли. Тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларни чеклаш, бизнесни асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиш, биринчи хато учун огоҳлантириш, жарималарни мақбуллаштириш, лицензия ва рухсатнома талабларини қисқартириш, давлат билан тадбиркор ўртасидаги муносабатларда адолат тамойилини кучайтириш каби ташаббуслар O‘zLiDePнинг Сайловолди дастурида белгиланган йўналишлар билан ҳамоҳанг.

Энди бу масалалар партия учун ҳам устувор вазифадир. Қабул қилинган қарорларнинг жойларда қандай ишлаётгани, тадбиркорларга берилган имкониятлар амалда тўлиқ таъминланиши, маъмурий тўсиқлар яна пайдо бўлмаслиги борасида парламент ва жамоатчилик назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш — партия фракцияси ва депутатларининг яқин йиллардаги муҳим вазифаларидан бири бўлади. Зеро, тадбиркор учун эркинлик аввало хотиржам ишлаш имконияти ҳамдир.

Учрашувлар – депутат фаолияти самарадорлигини кўрсатувчи мезон эмас

Партиянинг парламент қуйи палатасидаги 64 нафар депутати учун ҳам кейинги давр дастурий мақсадларни амалга оширишда самарали кечди. Сайловчилар ноиблардан нафақат қонун чиқаришни, балки қабул қилинган қонунлар ҳаётда қандай ишлаётганини назорат қилишни ҳам кутмоқда. Шу жиҳатдан олганда, 2025 йил мобайнида Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан 6 та парламент сўрови ва сайловчилар мурожаатлари асосида 36 та депутатлик сўрови юборилди. Депутатлар 2 минг 786 маротаба учрашув ўтказиб, 65 мингдан ортиқ фуқаро, жумладан, 14,9 минг нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари билан мулоқот қилди. Шунингдек, 7 минг 152 та хонадон, 3 минг 405 та тадбиркорлик субъекти ва 2 625 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди.

Бу кўрсаткичлар депутатлар фаолияти миқёсини кўрсатади. Лекин депутат иши самарадорлиги учрашувлар сони билан эмас, муаммолар ечими билан белгиланади. Шу сабабли парламент назоратини кучайтириш баробарида сайловчилардан келаётган мурожаатларни умумлаштириш ва улардаги тизимли масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизлик масаласининг партия фракцияси ва депутатлар иштирокида муҳокама қилиниши бунга мисол. Соҳадаги муаммолар ўрганилиб, қонунчиликни такомиллаштириш, назоратни кучайтириш ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ўрганишларда 396 та сифати талабга жавоб бермайдиган объект аниқланиб, 200 дан зиёд ҳолат бўйича судларга даъволар киритилди.

Ҳозирда депутатлар муаммони тилга олишдан тортиб, унинг ечими учун ҳуқуқий ва бошқа механизмлар ишлаб чиқишгача бўлган жараёнларда фаол иштирок этяптилар.

Янгича ёндашувлар натижадорликни оширади

Янги Ўзбекистонда юз бераётган янгиланишларга ҳамоҳанг равишда партия ўз иш услубларини узлуксиз такомиллаштиряпти. Хусусан, жорий йилда партия тизимида кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ишларга алоҳида аҳамият берилди. Ўқувларнинг биринчи босқичида туман ва шаҳар партия кенгашлари аппарат раҳбарларининг 191 нафари махсус сертификатларга эга бўлди. Ушбу тадбир партиянинг қуйи бўғинини профессионаллаштиришга қаратилган зарур қадам бўлди. Зеро, марказий аппарат томонидан бериладиган кўрсатмалар, ғоялар жойларда уни амалга оширадиган, етарли билим ва кўникмага эга кадрлар бўлсагина аниқ натижаларга айланади.

2026 йилда яна бир ўзгаришни кўриш мумкин: мулоқот шакллари кўпайибгина қолмай, улар доимий механизмга айлантирилмоқда. “CALL-CENTER”, “Бизнес клуб”, “Депутат билан очиқ суҳбат” каби лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши партияга келаётган таклиф ва мурожаатларни тизимли қабул қилиш, уларни таҳлил қилиш ва тегишли идораларга етказиш учун янги имкониятлар яратди. Шу орқали партия одамлар орасига янада чуқурроқ кириб боряпти, электорати манфаатларини самаралироқ ифодалаяпти.

“Халқ билан бирга” — минглаб юртдошларимизга кўмакчи

2026 йил 2 апрелда O‘zLiDeP ташаббуси билан бошланган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури халқ ичига янада чуқурроқ кириб бориш жараёнининг амалий майдони бўлди.

Дастур доирасида аҳолининг муаммоларини хонадонбай юриб ўрганиш, тадбиркорлар билан ишлаш, камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиш, ёшлар ва хотин-қизларни иқтисодий фаолликка жалб қилиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотларни кучайтириш каби вазифалар белгиланди.

1 август ҳолатига 768 минг 655 та хонадон қамраб олингани, 188 минг 149 та муаммо ва мурожаатнинг 82,3 фоизи ҳал этилгани дастур бўйича бажарилган ишлар кўламини кўрсатади.

Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши — сайёр қабуллар орқали аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш бўлди. Республиканинг 14 та ҳудудида мобил штаблар ишга туширилиб, 130 та туман ва шаҳарда сайёр қабуллар ташкил этилди. Уларда 26,2 мингга яқин фуқаро ва тадбиркор иштирок этди. Қабуллар давомида аниқланган 10 минг 417 та муаммонинг 73 фоизи жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар эса назоратга олинди. Жумладан, 52 мингдан зиёд юртдошимиз турли ўқувларга жалб қилинди, 1 минг 500 нафар фуқарога имтиёзли кредит ва субсидия олишда амалий ёрдам берилди, 1 минг 20 нафар иштирокчи оилавий тадбиркорлик лойиҳасини бошлади, 790 нафари доимий ишга жойлашди.

Бунинг ортида минглаб одамларнинг аниқ муаммолари, тақдири ва эҳтиёжлари турибди.

Шунингдек, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги сайёр қабулда 400 нафар аҳоли иштирок этиб, қабулда билдирилган 150 дан зиёд мурожаатнинг 84 таси жойида ҳал этилди. Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган қабулда эса 300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, юзга яқин муаммога ечим топилди. Одамлар партияга нажот истаб келмаяпти, балки партиянинг ўзи фуқаролар олдига боряпти.

 Яна бир муҳим натижа — партия электорати вакиллари бўлган тадбиркорларни ижтимоий ташаббусларга кенг жалб қилиниши. Дастур доирасида 38 мингдан зиёд тадбиркор ҳомий сифатида қатнашиб, аҳолига 45 миллиард сўмлик моддий ва молиявий кўмак кўрсатди. 1 минг 873 та муҳтож оила тадбиркорлар оталиғига олинди, 3 минг 589 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бу кўрсаткичлар партиянинг ижтимоий масъулият ҳақидаги қарашлари амалиётга кўчаётганидан далолат беради. Партия одамларга фақат бугунги эҳтиёжини қондириш эмас, эртанги даромадини топиш имкониятини ҳам яратишга ҳаракат қиляпти.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, дастур партиянинг аҳоли билан ишлаш тажрибасини бойитяпти, аниқланган айрим муаммолар бўйича қонун ижодкорлиги фаоллашувига туртки беряпти.

 Мақсад – хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш

2026 йилда ёшлар билан ишлашда партия, айниқса, иқтисодий ва технологик йўналишларга урғу берди. “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ёшларнинг стартап ғоялари, кичик бизнес режалари, рақамли технологиялар ва бошқа ташаббуслари илгари сурилмоқда. Қорақалпоғистонда лойиҳанинг туман ва шаҳар босқичларида 263 та маҳалладан 3 минг 228 нафар ёш стартап тадбиркорлик ва ижтимоий лойиҳалари билан иштирок этди.

Бу ёндашув партия томонидан ишлаб чиқилган 101 та янги лойиҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Эътиборлиси, партиянинг дастурий мақсадлари янгича ёндашувлар орқали жойлардаги одамлар, тадбиркорлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг аниқ ташаббусларига боғланмоқда.

Хотин-қизлар билан ишлашда ҳам ижобий ўзгаришлар бор. “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси 7 450 та маҳаллада саралаш босқичлари ўтказилиб, 50 минга яқин хотин-қиз иштирок этди ва 43 мингга яқин истиқболли тадбиркор аёл саралаб олинди.

“Ёшлар” ва “Аёллар қанотлари” томонидан ўтказилаётган бошқа ўнлаб лойиҳалар навқирон авлод вакиллари ва хотин-қизларни жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг янада фаол иштирокчисига айлантиришга йўналтирилган.

Халқаро ҳамкорлик тобора кучаймоқда

Ўзбекистоннинг дунёдаги обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани партиялараро ҳамкорликда ҳам намоён бўляпти. 

Бир йил ичида O‘zLiDePнинг хорижий сиёсий партиялар билан алоқалари янада фаоллашди. Беларусьнинг “Белая Русь” партияси, Япония либерал-демократик партияси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши, Туркия етакчи партияси билан мулоқотнинг давом эттирилиши шу жараёнга мисол бўла олади.

Сиёсий партиялар сайлов технологиялари, аҳоли билан ишлаш, партия қурилиши, хотин-қизлар ва ёшлар сиёсатини ташкил этиш, иқтисодий ислоҳотларни сиёсий қўллаб-қувватлаш каби соҳаларда ҳам тажриба алмашмоқда.

 2026 йил июнь ойида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) Доимий қўмитасининг Улан-Баторда ўтказилган 45-йиғилишида O‘zLiDeP вакиллари ҳам қатнашди. Йиғилиш давомида ташкилот уставига ўзгартиш киритиш, Доимий қўмита таркибини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг етакчи партиясини ушбу орган таркибига киритиш билан боғлиқ ташаббуснинг қўллаб-қувватлангани партиямизнинг Осиёдаги партиялараро мулоқотдаги ўрни ошиб бораётганини кўрсатди. Бу Ўзбекистон тажрибасини бошқа давлатларга етказиш ва уларнинг илғор ёндашувларини ўрганиш учун ҳам янги имкониятлар очади.

Яқин истиқболда партия нималарга эътибор қаратади?

Ўтган бир йилда амалга оширилган ишлар партиянинг имкониятлари катталигини, янги давр чақириқларига мос иш юритаётганини кўрсатяпти.

Келгусида партия куч ва имкониятларини нималарга йўналтиради?

O‘zLiDeP, аввало, сайловолди дастурининг ижросини назорат қилиш тизимини янада кучайтиришни мақсад қиляпти. Фуқаро ёки тадбиркор ҳаётида нима ўзгарди — тизим ана асосда қайта қурилади.

Иккинчидан, партиянинг таҳлилий салоҳиятини ошириш лозим. Келаётган минглаб мурожаатлар, хонадонбай ўрганишлар ва депутатлик назорати материаллари асосида келажак сиёсатини белгилайдиган маълумотлар базаси ва таҳлилий хулосаларни шакллантириш зарур.

Учинчидан, 18 августда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар партиянинг яқин йиллардаги кун тартибининг муҳим йўналиши бўлиши керак.

Тўртинчидан, партиянинг қуйи бўғинини янада кучайтириш талаб қилинади.

Бешинчидан, депутатларнинг профессионал тайёргарлигига талабни янада ошириш керак.

Мустақиллик O‘zLiDePни сиёсий майдонга олиб чиққан бўлса, Янги Ўзбекистон даври партия зиммасига ғояни натижага, мурожаатни ечимга айлантириш масъулиятини юкламоқда. Энди партиянинг жамиятдаги ўрни ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, тадбиркор ва фуқаро ҳаётидаги аниқ ўзгаришлар билан ўлчанади. Олдимиздаги энг муҳим вазифа — ана шу мезонни партия фаолиятининг ҳар бир бўғинида қарор топтиришдир.

 

 

Сардор Марипов,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Стратегик ва дастурий ҳужжатлар

билан ишлаш департаменти раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?