Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Мустаҳкамланаётган дўстлик ришталари

11.02.2026
483

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқлик, ўзаро манфаатдорлик ва прагматик ёндашув устуворлигига асосланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳам айнан шу сиёсатнинг мантиқий давоми бўлиб, Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Шу ўринда Покистон мамлакатимизнинг  жаҳон миқёсидаги ишончли ҳамкорларидан бири сифатида эканлигини таъкидлашимиз зарур.

Ўзбекистон Покистон билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатилганлигининг беш йиллигида бўлиб ўтган мазкур ташрифда ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга катта аҳамият берилди.

Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо 2,5 бараварга, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони 3 бараварга ошди. Савдо айланмасини яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилди. 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция битимлари прортфели шакллантирилди. Ўтган йил якунлари кўра ўзаро савдо ҳажми салкам 500 миллион долларга етди. Ўзбекистонда Покистон сармояси иштирокидаги 230 га яқин  корхона фаолият юритмоқда.

 “Аср лойиҳаси” дея таъриф берилаётган “Термиз — Мозори Шариф — Қобул — Пешовар” темир йўлида олиб борилаётган қурилиш ишларининг якунланиши Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўл нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақa халқлари умумий ривожланишига олиб келади. Транспорт, логистика,  савдо, иқтисодий ҳамкорлик янада кучаяди. Темир йўлнинг узунлиги тахминан 760 километр бўлиб, учта давлатни бир-бири билан боғлайди. ТрансАфғон темир йўли ишга тушгач, юк ташиш масофаси қисқаради, логистика харажатлари 15–25 фоизгача камайиб, етказиб бериш муддатлари бир неча кунга қисқаради. Бу эса экспортчи корхоналар рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади ва бу лойиҳа Ўзбекистон учун жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларининг кенгайишига олиб келади.

Давлатимиз раҳбаринг Покистонга ташрифи давомида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакатнинг етакчи мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда ўқув тадбирларини ўтказиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Айтиш мумкинки, ҳозирги кунда Покистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳасида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, юқори малакали мутахассисларни биргаликда тайёрлаш  режалаштирилмоқда. Маданий тадбирлар ва туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Туризм мамлакатларимиз салоҳиятидан фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Туристик оқимни рағбатлантириш мақсадида икки давлат ўртасида виза тартиби енгиллаштирилди, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Янгидан очилаётган  ҳаво йўллари икки мамлакат фуқаролари ва тадбиркорларининг қимматли вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради ва янги қўшма лойиҳаларга замин яратади.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишида давлатимиз раҳбари Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвони билан тақдирланди. Шунингдек, Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боққа Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилиши режалаштирилди. Бу эса халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига олиб келади.  

Давлатларимиз ўртасида парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Парламент делегациялари ўртасидаги мунтазам алоқалар, дўстлик гуруҳларининг фаолият юритиши ва қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ҳуқуқий тизимларни яқинлаштиришга, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай меъёрий базани яратишга хизмат қилмоқда.

Хавфсизлик соҳасида терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Томонлар минтақавий барқарорлик ва тинчликни таъминлаш йўлида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқади. Икки давлат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган келишувлар Ўзбекистон — Покистон муносабатларини амалий мазмун билан бойитиб, узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга, тарихий илдизлари муштарак бўлган, маънавий дунёси яқин биродар эллар ўртасидаги азалий алоқаларнинг мустаҳкамланишига, халқларимизнинг умумий фаровонлигига хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларининг ривожи минтақавий ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал этиш имкониятини кенгайтиради.



Шоира Ражабова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?