Asosiy kontentga o‘tish
Жума 25-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янги имкониятлар ва тараққиёт сари муҳим қадам

25.09.2026
15

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи ҳудуднинг улкан салоҳиятини янада рўёбга чиқариш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш йўлидаги муҳим воқеа бўлди. Ташриф доирасида белгиланган вазифалар, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар вилоятнинг янги тараққиёт босқичига қадам қўяётганидан далолат беради.

Айниқса, Андижон шаҳрида Бобур шоҳ кўчасининг икки қисмини боғловчи янги йўлўтказгичнинг барпо этилиши шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу иншоот аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиб, транспорт ҳаракатини енгиллаштиради. Энг муҳими, шаҳарнинг икки ҳудудини тўғридан-тўғри боғлаб, вақтни тежаш ва айланма йўлларга бўлган эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилади.

Умумий қиймати 271 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига аввалги ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида амалга оширилди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган йўлўтказгичнинг умумий узунлиги 796 метр, кенглиги эса 25,9 метрни ташкил этади. Иншоотнинг 596 метри эстакада кўринишида, 200 метри эса тиргак деворли йўл қисмидан иборат бўлиб, шаҳар транспорт тизимини янада такомиллаштиришга имкон беради.

Энг муҳими, мазкур лойиҳа аҳоли учун муҳим қулайликлар яратди. Энди Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида истиқомат қилаётган 140 минг нафар аҳоли 5,3 километрлик ортиқча йўлни босиб ўтишга эҳтиёж сезмайди. Бу эса вақтни тежаш, транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва аҳолига янада қулай шарт-шароит яратиш имконини беради.

Шу билан бирга, махсус хизматларнинг қатнов масофаси 15 километрдан 9,3 километрга қисқарди. Ортиқча масофа ҳамда темир йўл кесишмасидаги кутишларнинг бартараф этилиши натижасида манзилга етиб бориш вақти 17 дақиқагача камаяди. Бу шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, эндиликда беморларни шошилинч тиббий ёрдам марказига аввалгидан 14 дақиқа эртароқ етказиш имкони яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг Андижонга ташриф давомида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, ҳар бир лойиҳанинг халқ манфаатига хизмат қилиши биз депутатнинг ҳам доимий эътиборимизда бўлади. Бу жараёнда фаол иштирок этиб, белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил амалга оширишимиз лозим.

Муқаддасхон АҲМЕДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?