Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиланаётган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси: аҳоли саломатлиги ва инсон қадри устувор

14.01.2026
692

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётида мутлақо янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Инсон қадри, адолат, очиқлик ва жавобгарлик тамойилларига асосланган бу ислоҳотлар мамлакатни барқарор ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалар билан изчил давом этмоқда.

2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эса мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Ушбу дастурий ҳужжат доирасида ўтган даврда барча соҳаларда кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, давлат бюджетидан тиббиёт соҳаси учун йўналтирилаётган маблағлар ҳажми оширилди, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти тубдан яхшиланди. Тиббий хизматлар аҳолига янада яқинлаштирилиб, сифатли тиббий хизматлар маҳаллагача туширилмоқда. Натижада юртимиз аҳолисининг турмуш шароитлари яхшиланиб, ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди. Буларнинг барчаси “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Албатта, қисқа вақт мобайнида эришилган улкан натижалар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин ҳозирги давр “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этяпти. Шундан келиб чиқиб, стратегиянинг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилмоқда.

Янгиланаётган стратегияда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Жумладан, ўртача умр давомийлигини 2030 йилгача 78 ёшга етказиш мақсад қилингани мамлакат аҳолисининг ҳаёти ва саломатлигини яхшилашга қаратилган амалий чоралардир.

Мазкур дастурий ҳужжатда болалар саломатлигига ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Яъни, уларда ирсий касалликларни эрта аниқлаш учун скрининглар қамрови кенгайтирилади. Ушбу чора-тадбирлар эса келажак авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялашга имкон беради.

Стратегияда болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, чақалоқларда ҳаёти учун хавфли бўлга туғма нуқсонлар билан туғилиш даражасини 7 гача камайтириш ҳам мақсад қилинган. Ушбу чора-тадбирлар комплекс равишда амалга оширилса, болалар ўртасида ирсий касалликларнинг олди олиниб, даволаш самарадорлиги ортади.

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш, барча хавфли ўсма аниқланган беморларни даволаш билан 100 фоиз қамраб олинишини таъминлаш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, одамларни тиббиёт тизимидан рози қилишга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, барчамиз янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўз таклифларимизни беришимиз лозим бўлади. Зотан, ушбу дастурий ҳужжат юртимизни янада тараққий эттиришга ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга замин яратади.

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?