Нишонлик фермер дронлар ёрдамида пахта далаларига кимёвий ишлов беришни оммалаштириш бўйича таклиф берди
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — қишлоқ хўжалигини бозор механизмларига асосланган самарали бошқарув тизимига ўтказишдир. Бу орқали ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва фермерлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсад қилинган.
Ана шундай ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш, фермерлар ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қашқадарё вилоятининг Нишон туманига борди. Партия раҳбари фермер хўжаликлари фаолияти, хусусан, пахта йиғим-терими жараёнлари билан яқиндан танишди. Қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва фермерлар фаолиятини рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
“Каримов авлодлари” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Холбоев бошчилигидаги жамоа жорий йилда 25 гектарда пахта етиштириб, ўртача 70 центнер ҳосил олмоқда. Актам Хаитов фермернинг меҳнатини юқори баҳолаб, ушбу натижалар юртимизда пахтачилик соҳасида эришилаётган юксак кўрсаткичларнинг ёрқин мисоли эканини таъкидлади.
Шунингдек, Ш.Холбоев фермер хўжалигида дронлар ёрдамида пахта далаларига кимёвий ишлов бериш самарали амалга оширилаётганини қайд этди. У мазкур технология меҳнат ресурсларини тежаш, иш сифатини ошириш ва вақтни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб, қишлоқ хўжалигида дронлар сонини кўпайтириш зарурлигини таклиф сифатида илгари сурди. Актам Хаитов бу таклифни маъқуллаб, агросоҳани рақамлаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш устувор аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, А.Хаитов “Афруза Холярова” фермер хўжалиги ва “Mirishkor ratex textil”га қарашли “Paxtazor” пахта қабул қилиш маскани фаолияти билан ҳам танишди.